Меҳмондўстлик
Аллоҳ таоло гўзал ахлоқларни такомилга етказиш учун Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Мен гўзал хулқларни такомилига етказиш учун юборилдим”, деганлар. Бошқа бир ривоятда эса: “Яхши хулқларни тамомига етказиш учун юборилдим”, дейилган.
Ана шундай мақталган гўзал хулқлардан бири меҳмонни ҳурмат қилишдир.
Меҳмонга иззат-икром кўрсатиш ҳақида бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳмонни ҳурмат қилишлари барчага намунадир. Ҳатто пайғамбарликларидан олдин ҳам ушбу фазилатга эга эканликларини яхши биламиз.
Набий алайҳиссалом Ҳиро ғорида Жаброил алайҳиссаломни илк бор кўриб, қўрқиб кетиб, уйларига келганларида, Хадича онамиз у зотни ўраб қўйганлар. Пайғамбаримиз бўлган воқеани айтиб: “Мен қўрқаяпман”, деганларида, Хадича онамиз: “Йўқ, сиз хурсанд бўлинг. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди. Чунки сиз қариндош-уруғчиликка риоя қиладиган, бечоралар ёрдамига ошиқадиган, камбағални ҳимоя қиладиган, меҳмондўст, мазлумнинг қўлидан тутадиган, мусофирларга эҳсон-икром улашадиган, ҳақ йўлида қийинчиликларга дучор бўлганларга ёрдам берадиган инсонсиз”, деди.
Имом Қасталоний: “Меҳмондўстлик – бу меҳмонларга жой ва таом ҳозирлаш”, деган.
Меҳмонни иззат-икром қилишнинг аҳамияти беқиёс. Чунончи, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисига озор бермасин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, яхши сўз сўзласин, ёки жим турсин”, деганлар.
Расулуллоҳ алайҳиссалом мезбонда меҳмоннинг ҳаққи борлигини айтиб, Ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “Сени зиёрат қилгани келган (меҳмон)нинг сенда ҳаққи бордир”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда: “Агар сизлар бирор жамоатга меҳмон бўлиб тушсангиз, улар сизни меҳмон бажариши керак бўлган нарсага буюришса, уни қабул қилинг. Агар ҳеч нарса қилмасалар, улар қилиши керак бўлган меҳмоннинг ҳақини улардан олинг”, дейилган.
Меҳмонни ҳурмат қилиш инсонга жуда кўп яхшилик ва фазилатлар келтиради. Киши бу билан дунёда улуғ саодатга эришади. Шунингдек, бу ишни Аллоҳдан савоб умидида қилса, охират саодатини қўлга киритади.
Абдураҳманов Муҳаммадхон
Билим юрти мударриси