Интернет орқали диний билим олиш...
Интернет диний билим олишнинг бирламчи манбаси вазифасини бажара олмайди.
Бугунги кунда айрим ёшларимиз Интернетдаги номаълум сайтлар, сохта даъватчилардан дин ҳақида билим олишга ҳаракат қилаётганлари кузатилмоқда. Мазкур ҳолат салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Хусусан, экстремистик ва террорчи гуруҳлар ёшларни айнан шубҳали сайтлар, профил ва каналлар орқали ўз таъсирига туширмоқда.
Аслида, ислом динида илм кимдан олиниши жуда муҳим ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Динингизни кимдан олаётганингиз (ўрганаётганингиз) га эътибор беринг», деб ўта муҳим кўрсатма берганлар.
Шу нуқтаи назардан диний илмни ўз соҳасининг мутахассиси бўлган, ишончли устозлардан ўрганиш зарур.
Айни дамда, билмаган нарсасига кўр-кўрона эргашиб кетиш, унинг асл манбасини суриштирмай хулоса чиқариш ислом таълимотига ҳам зиддир.
Зеро, Қуръони каримда: «Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар, масъулдирлар», (Исро сураси, 36-оят) деб таъкидланган.
Ўзбекистон Республикасида ислом дини бўйича ягона ваколатли ва ишончли ташкилот бу – Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳисобланади.
Шундай экан, дин ҳақида савол туғилса, фақат Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларидан жавоб олиш лозим бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида Интернет тармоғида кенг кўламли фаолият олиб бормоқда. Хусусан, "Muslim uz" ва "Ravza uz" “Hidoya uz” портали орқали ислом динига оид маълумотларни топиш мумкин.
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ