Ҳанафий мазҳабида “такбири таҳрима" ва намозда қўл боғлаш
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, кўлнинг бош бармоғи кулокнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, куйида улардан баъзиларини келтирамиз:
Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розийаллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Ал-Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Насритдинов Ривожиддин
билим юрти маънавий-маърифий ишлари
бўйича мудир ўринбосари