Яратилиш санаси 03.10.2022

Ҳасад гуноҳ ишларга бошлайди

Бир киши хотини билан совға олгани дўконга борди. У хотинига деди:
- Мен онамга совға олмоқчиман. Совғани сен танлаб берсанг!
Хотиннинг рашки келди. У эрига энг оддий ва арзон совғани танлаб берди. Эри унинг пулини бериб чиройли қилиб қоғозга ўраттирди. Кечқурун хотинининг олдига келиб ўша совғани унинг ўзига бериб деди:
- Совғангни ўзинг сотиб олишингни истаган эдим!

Дунёда қалбнинг ибодати ҳам бор. Унга аъзоларнинг ҳеч қандай дахли йўқ. Аммо қалб ибодати аъзоларнинг машаққатини йўқ қилиб юборади, уларни қўллаб-қувватлайди. Қалбнинг саломатлиги ҳам ибодатдир. Агар унга эришилса соҳибини юқори даражаларга кўтаради. Агар у қўлдан бой берилса ўз соҳибини энг пастга тушириб юборади.

Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Шунда уларга дедилар:
- Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши киради!
Шунда уларнинг ҳузурларига оддий бир мусулмон кириб келди. Иккинчи куни ҳам Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўша гапларини такрорладилар. Иккинчи куни ҳам ўша кимса кириб келди. Учинчи куни ҳам шундай бўлди. Саҳобалар ҳайрон қолиб бунинг сирини билмоқчи бўлишди. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Амр розиёллоҳу анҳу ўша кимсанинг уйига бориб отаси билан уришиб қолганини, уйидан бир неча кун жой беришини сўради. У дарров рози бўлди. Абдуллоҳ унинг нималар қилишини кузатди. У бошқалардан бирор нимаси билан фарқ қилмас эди. Кундузлари нафл рўза тутмас эди. Кечалари бедор бўлмас эди. Оддий инсонлардек рўза тутар, оддий инсонлардек намоз ўқир эди. Уч кундан сўнг Абдуллоҳ унга рост гапни айтди ва ундан: “Мен билмайдиган бирор-бир амалинг борми?”, деб сўради. У: “Менда сен кўрганингдан бошқа амал йўқ. Аммо ухлайдиган пайтимда қалбимда бирор бир кимсага нисбатан ёмонлик қолмайди. Менга зулм қилганни авф қиламан, инсонларга яхшилик соғинаман!”, деди. Абдуллоҳ: “Сени буюк мартабага кўтарган нарса мана шу экан!”, деди.

Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳасад худди ўтинни олов егани каби яхшиликларни еб битиради”.
Ҳасад Аллоҳга қилинган биринчи гуноҳдир. Иблис Одам алайҳис саломга ҳасад қилди. Уни ҳасад олови қалбини еб битирди. Ана шу нарса уни Аллоҳга итоат қилмасликка ундади. У Аллоҳнинг раҳматидан абадий қувилди. 

Ҳасад Аллоҳга қилинган биринчи гуноҳдир. Одам алайҳис саломнинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил улғайиб уйланиш ёшига етишгач, Одам алайҳис салом уларга Аллоҳнинг шариатини айтдилар. Улар бир-бирларининг синглисига уйланиши лозим эди. Ҳаво онамиз ҳар сафар бир ўғил ва бир қиз эгизак дунёга келтирар эдилар. Ҳобил Қобилнинг синглисига уйланиши лозим эди. Аммо Қобилнинг синглиси Ҳобилнинг синглисига қараганда чиройлироқ эди. Шунинг учун Қобилнинг қалбини ҳасад эгаллади. Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан бош тортди. У ўзининг эгизаги бўлмиш синглисига уйланмоқчи бўлди. Аллоҳ уларга қурбонлик йўли билан ҳукм қилмоқчи бўлди. Ҳобилнинг қурбонлиги қабул қилингач, Қобил Ҳобилни қатл қилди. Бу башарият қилган биринчи жиноят эди.

Ҳасад инсонни ҳалок қилади. Уни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Аммо баъзи ҳоллада уни тушуниш мумкин. Баъзи кишилар бошқалар бир нарса олса ўзларининг ҳам уни олишга имконлари борлиги учун унга ҳасад қилишади. Қобилнинг ҳолати шундай эди. Бир мансабга номзод бўлган икки кишининг ҳоли ҳам шундай. Аммо баъзилар бошқаларга ўзлариники бўлмаган ва ҳақлари бўлмаган нарсаларда ҳасад қилишади. Ҳасад қилинаётган киши гарчи ўша нарсани ололмасада, ҳасадгўй унга ҳасад қилаверади. Чунки у аслида инсонларга яхшилик етишини истамайди.

 Каттабаев Муҳаммадали 

“Ҳидоя“ ўрта махсус ислом 
билим юрти АРМ мудири