БУЮК ХУЛҚ СОҲИБИ
Маълумки, биз кутган Рабиул аввал ойи ҳам кириб келди. Хабарингиз бор, ҳар йили Рабиул-аввал ойида дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар. У ҳам бўлса “Мавлидун-Набий”, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунларидир. Бу ойда барчаларимиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак тарихлари ва турмуш тарзларини янада кенгроқ ўрганишимиз, ҳар ишда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ва ҳидоят нури қилиб юборди. У Зот сабабли инсониятни зулматлардан нурга чиқарди. У Зотни бу дунёда ҳидоят йўлбошчиси қилди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин ва ундаги кўрсатмалар барча оламларга – инсонлар ва ҳайвонлар оламига ҳам, жамодот ва наботот оламига ҳам меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат манбаидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, дея таъкидлаган (Анбиё сураси 107-оят).
Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Бу ҳақда “Тафсири Табарий” китобида Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан қуйидаги жумлалар нақл қилинган: “Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни дунёдаги барча мўминлару кофирларга раҳмат (меҳрибон) қилиб юборди. Мўминларга бу Зотни меҳрибонликлари – Аллоҳ таоло бу Зот сабабли мўминларни ҳидоят қилди, тўғри йўга бошлади. Натижада, мўминлар Аллоҳга имон келтириш ва У Зот томонидан буюрилган амалларни бажариши сабабли жаннатга кирадиган бўлдилар. Энди, кофирларга бу Зотни меҳрибонликлари – олдинги умматлар пайғамбарларини ёлғонга чиқарган пайтларида уларни устига катта-катта балолар келган. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ёлғонга чиқарган ёки пайғамбар эканликларига ишонмаган қавнинг устига Расулуллоҳнинг барокотларидан балоларни келиши кечиктирилди ва охиратга қолдирилди”.
Расулуллоҳнинг мана шундай оламларга раҳмат ва барча инсониятга меҳрибон ва жонкуяр эканликларини билиш учун бу Зот алайҳиссаломнинг муборак тарихлари, турмуш тарзлари, одоб-ахлоқлари, меҳр-оқибатлари, эзгулик ва фазилатларидан хабардор бўлишимиз керак.
Набий алайҳиссаломнинг аёллари Оиша разияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Бир куни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд ҳолда кўриб, У Зотга: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мени дуо қилинг”, дедим. Шунда У Зот: “Эй, Аллоҳ! Оишанинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилдилар. Оиша онамиз (бу дуодан қувониб) шундай кулдиларки, хурсандликларидан бошлари Расулуллоҳнинг тиззаларига тушди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Дуоим сени қувонтирдими?” – деб сўрадилар. “Сиздек зотнинг дуоси мени қувонтирмасмиди?!” – дедилар Оиша онамиз. Шунда Сарвари олам: “Аллоҳга қасамки, бу менинг умматим учун ҳар бир намозимда қиладиган дуоимдир!” – дедилар” (Имом Баззор ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуолари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қайтарилмайдиган буюк Зот ўз умматларининг ҳаққига ҳар намозларида “Эй, Аллоҳ! Умматимнинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилар эканлар. Бундан ҳам ортиқ меҳрибонлик борми дунёда?!
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг шаксиз қабул бўладиган дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
У Зот алайҳиссалом катта дуоларини умматлари энг муҳтож бўладиган пайт – охират учун сақлаб қўйган эканлар. Бу ҳадисда У Зотнинг умматларига бўлган меҳрлари, лутфлари, шафқатлари яққол кўриниб турибди. Умматларини ўзларидан ҳам, оилаларидан ҳам устун кўриб, уларни дуо қилишни кўзламоқдалар.
Набий алайҳиссаломнинг ҳалимликлари қуйидаги ҳадисда ҳам ёрқин намоён бўлади. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У Зотнинг эгниларида дағал матодан бўлган кийим бор эди. Олдиларига бир аъробий келиб, ридоларидан қаттиқ тортди. Тортиш натижасида кийим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларида из қолдирганини кўрдим.
Аъробий: “Эй, Муҳаммад! Ҳузурингиздаги молдан менга ҳам улуш беринг”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қарадилар ва табассум қилиб, сўнг унга ҳам молдан улуш беришни буюрдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Саҳоба Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас ва орланмас эдилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам либосларини ўзлари ямаб, гоҳида сут ҳам соғар эдилар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам чақириғини бирдек қабул қилар эдилар. У Зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.
Набий алайҳиссалом инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам озода бўлишига катта аҳамият берар эдилар. У Зотнинг ўзлари бу борада барчага ўрнак эдилар. Ўз ҳадиси шарифларида: “Поклик иймоннинг ярмидир”, – дер эдилар (Имом Муслим ривоятлари). Бошқа бир ўринда: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, – дер эдилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Бундан бошқа Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ростгўйликлари, амонатдорликлари, адолатли ҳукм чиқаришлари, сабр-бардошли, ҳалим, очиқ чеҳрали эканликлари, жуфти ҳалоллари билан чиройли муомала ва муносабатда бўлишлари каби сон-саноқсиз гўзал хулқлари мавжуд. Қолаверса, Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг хулқларини мадҳ этиб, шундай марҳамат қилган: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси 4-оят). Ушбу мақтов оддий мақтов эмас. Балки у оламларнинг Роббисидан келган мақтовдир. Зеро, ҳеч бир инсон бундай шарафга эришган эмас. Аллоҳ мақтаб турган шахсни биз қанча сифатласак ёки гўзал хулқларини айтсак-да, уни ҳаққини адо қила олмаймиз ва тилларимиз ожизлигича қолаверади.
Шундай экан, биз умматлар имкон қадар ҳар бир феълу атворимизда ва ўзгалар билан муомала ва муносабатимизда суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўрнак ва намуна олсак, айни муддао бўлар эди.
Биз уммат ўлароқ инсониятнинг энг буюги – суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак сийратларига бағишланган турли-туман китоблар нашр этилган. Биз оила аъзоларимиз даврасида шу китоблардан мутолаа қилишни жорий қилайлик. Фарзандларимиз қалбида Набий алайҳиссаломга нисбатан муҳаббатни уйғотайлик.
Аброрхўжа Рашидов
Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти ходими