Мавлид маросими қандай ўтказилиши керак?
Халқимизда ҳар йили ҳижрий йил ҳисоби бўйича рабиъул-аввал ойи келганда “мавлид” маросимини ўтказиш анъанага айланган.
“Мавлид” сўзи луғатда “Мавлидун-набий” ёки “ал-набавий” тарзида қўлланганда Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг таваллуд топган, яъни туғилган кунларини англатади.
Кўплаб мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган мавлид маросими одатда, рабиъул-аввал ойининг 12-кунида ҳеч бир бидъат-хурофотсиз нишонланади. Кўпгина араб мамлакатлари, шунингдек, юртимизда ҳам мазкур кунда Имом Абу Жаъфар Барзанжий қаламига мансуб араб тилида ёзилган “Мавлид ан-набий” номи билан машҳур қасидасини ўқиш учун масжид ва хонадонларда маросимлар ўтказилади.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, мавлид маросими Пайғамбаримиз даврларида ҳам, ундан кейинги 3-4 аср давомида ҳам ўтказилмаган.
Юртимизда узоқ йиллардан бери ўтказиб келинадиган, мазкур маросим моҳиятан деярли барча мусулмонлар ўртасида бир хил бўлса-да, миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг қоришуви натижасида, ҳар бир вилоят, шаҳар, туманларда ўзига хос тартибда ўтказилади. Маросимда дастурхон ёзилиб, унда йиғилганларга Пайғамбаримизнинг сийратлари ҳақидаги китоблардан, хусусан, Имом Абу Жаъфар Барзанжийнинг “Мавлидун-набий” китобидан парчалар ўқиб, таржима қилиб берилади. Муҳаммад (алайҳиссалом)ни мадҳ этувчи мадҳиялар, қасидалар ва саловатлар ўқилади. Қуръон тиловат қилинади, эҳсон, садақалар берилади ва савоби Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га бағишланади.
Охирги пайтларда одамлар турли маъракаларни, никоҳ тўйи бўладими, таъзия маросими бўладими, ақиқа бўладими, ҳаммасида мавлид ўқитишни йўлга қўйишмоқда. Мавлид қилишдан мақсад дастурхон ёзиб, қорин тўйғазишдек, гўё. Бу эса мавлиднинг асл моҳиятини йўқотади.
Пайғамбаримизнинг ҳадисларига биноан у зотга салавот айтиш савобли иш бўлиб, мавлид маросимини ўтказишдан мақсад ҳам Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га жамоат бўлиб дуруд салавотлар йўллаш, У зотнинг сийратларидан хабардор бўлиш, одоб-ахлоқлари, бошқаларга яхшилик қилиш, ота-она ва катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ҳалол ва ҳаромни фарқига бориш, оила, фарзандларга ғамхўрлик қилиш, қўни-қўшнилар билан чиройли муносабатда бўлиш каби инсоний гўзал муомалаларни ўрганишдир. Ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйилмаса, ушбу амални ўтказишнинг зарари йўқ.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мавлид маросимлари сийратни ўрганишга бағишланган маросим бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иймону муҳаббатни, шавқу завқни чархлаш омили бўлиши керак. У зот алайҳиссаломнинг суннатларини ҳаётга татбиқ этишни йўлга қўйиш нуқтаси бўлиши керак. Бунинг учун эса, мавлид йиғинларини керакли савияда ўтказиш лозим. Ўқиладиган арабча мавлиднинг, нашидаларнинг маъноларини ҳам айтиб ўтиш даркор. Инсоф билан айтсак, агар бугунги кунгача халқимиз орасида ўтказилган мавлид мажлисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан ҳеч йўқ бир донадан ривоят айтиб келинганда, лоақал ўқилган мавлиднинг таржимасини етказилганда эди, қилинган мавлидлардан айни вақтдаги ҳолатга таққослаб бўлмайдиган даражада катта натижаларга эришиш мумкин эди.
Шу билан бирга, биргина қасидага чекланиб олмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга атаб ёзилган ошиқона шеърлардан ҳам ўқиб, маъноларини ўртоқлашиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Агар ҳар бир халқ ўз тилида битилган қасидалардан ҳам ўқиса, янада яхши бўлади.
Афсуски, айрим жойларда мавлид маросимлари юқорида эсга олинган ноқулайликларга қўшимча равишда, турли ихтилоф ва жанжаллар билан яна ҳам “бойитилган”. Кимдир мавлиддаги бир калимани заммалик ўқишни ёқлса, бошқа биров фатҳалик ўқиш керак, деб тортишади. Биров маҳалли қиёмда турмай ўтириб олса, бошқаси уни мунофиқликда, беадабликда, фирқабозликда айблайди. Ҳатто маҳалли қиёмга турганда нима ўқиш ҳақида керагича жанжаллашишга тайёрлар ҳам топилади. Аслида эса буларнинг бирортаси ҳам мавлиддан кўзланган мақсадга хизмат қилмайди. Аксинча, унинг қадрини кетказади, аҳамиятини йўқотади, фойдасидан зарари кўп бир тадбирга айлантиради.
Абдураҳимов Баҳромжон
Билим юрти ўқитувчиси