ЎЗБЕК ТИЛИМИЗ РАВНАҚИ ЙЎЛИДА ҒАМХЎРЛИК
Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида бу муҳим муаммо хусусида шундай ёзади: ”...халқ орасидан чиққан истеъдод аҳли салоҳият ва қобилиятларини ўз тиллари турганда ўзга тил билан зоҳир қилмасалар ва ишга солмасалар эди. Агар иккала тилда ижод этиш қобилиятлари бўлса, ўз тилларида кўпроқ ёзсалар эди”.
Навоий ҳақиқий миллатпарвар мутафаккир шоир сифатида ўзбек тили ва адабиётининг нечоғлик бой, ранг-баранглиги ва чексиз имкониятларини бутун ижоди ва серқирра фаолияти билан исботлаб, унинг нуфузини жаҳон миқёсигa олиб чиқди.
Ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён этувчи миллий ва умуминсоний қадриятлари бўлади. Тириклик учун тоза ҳаво билан қуёш нури, нон ва сув қанчалик ҳаётий зарурат бўлса, миллатнинг яшаши, равнақ топишини ҳам она тилисиз тасаввур этиб бўлмайди. Тоғ чўққиларининг юксаклиги олисдан қаралганда яққолроқ кўринади. Бу ташбеҳни ўзбек тилимизга давлат тили мақоми бериш тўғрисидаги тарихий қонунга нисбатан ҳам қўллаш мумкин.
Мустақиллигимиз шарофати билан яратилган кенг ҳуқуқ ва имкониятлар натижасида ўзбек тилининг миллий ўзига хослиги унинг тарихий илдизлари чуқур ва манбалари бой эканлиги янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Лекин баъзан тилимизни соф туркийча қиламиз, деб ҳаммага тушунарли бўлган байналмилал-интернационал сўзларни ҳам ўзбекчалаштиришга уриниш ҳоллари бўлмоқда. Масалан, самолёт сўзи ўрнига “тайёра”, аэропорт ўрнига “тайёрагоҳ”, институт ўрнига “олийгоҳ”, транспорт сўзи ўрнига “нақлиёт”, туман ё район ўрнига “ноҳия” каби ишлатилиши ва талаффузи ҳам оғир сўзларни қўллаш ҳолатлари учрайди.
Бунинг ўрнига тилимизнинг асл бойликларини кўпроқ ўрганиш муҳим. Айниқса, Навоий, Бобур, Машраб каби мутафаккир-шоирларимиз ва Қодирий, Чўлпон, Ғ.Ғулом, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Қаҳҳор ва Миртемир сингари улуғ адибларимизнинг ранг-баранг тили, халқчил ва сержило услубини чуқур ўрганиш маънавиятимизни ҳам, нутқимизни ҳам беҳад бойитади.
Миллий тил ва унинг равнақи йўлида ғамхўрлик қилиш – бу бир гуруҳ мутахассисларгагина тегишли бўлган илмий-амалий соҳа ёки мавсумий бир тадбир эмас. Аксинча, бу неча авлодлардан авлодларга ўтиб, бойиб ва сайқалланиб келаётган халқ тилининг софлиги ва истиқболи ҳақида қайғуриш ўша тилнинг тўлақонли яшаш ҳуқуқи учун кураш бўлиши билан бирга бутун бир миллат маънавияти учун, унинг маърифати ва маданияти учун ҳам курашдир.
Абдулла Қодирий ва Абдулла Қаҳҳорлар халқ тилини ўрганишни ҳамиша ёзувчининг асосий вазифаси деб қараган. Бинобарин, бу жиҳатдан ҳам Абдулла Қаҳҳор ҳозирги ижодкор ёшлар олдида эъзозли бир устоз бўлиб гавдаланади. Негаки у умрининг охирига қадар ижод қилишдан тўхтамагандек, тилни ўрганишни ҳам ҳамиша ёзувчилик меҳнатининг ажралмас бир қисми деб билади. Чунончи, 1967 йили “Вопросы литературы” журнали саволларига жавоб берар экан, жумладан, қуйидагиларни айтган эди: “Агар ёзувчи тоза виждонли бўлса, унинг учун асар ёзиш йил сайин қийинлашиб боради. Ёзувчи ҳеч қачон “Мен ёзишни яхши ўрганиб олдим” деб, ўзини хотиржам қилмаслиги керак”. Бу сўзлар ёш ижодкорларни ўзларига талабчанликни оширишга ва бадиий тил сирларини эгаллаш йўлида доимий изланишга ундовчи эзгу бир даъватдир.
Қалбида истиқлол ёлқини сўнмаган Абдулла Қаҳҳор она тилимизнинг матонатли жонкуярларидан эди. Ибратли бир ҳолат: Абдулла Қаҳҳорнинг адабиёт ва танқидчилик ёхуд ёшлар маънавияти ва маданиятига бағишланган биронта нутқ ё мақоласи йўқки, унда адабий тилимизнинг беқиёс бойлиги ва имкониятларидан фахрланиб ёзмаган ёхуд унинг жиддий муаммоларидан ташвишланиб, кескин фикрлар айтмаган бўлсин. Мана Абдулла Қаҳҳорнинг 60 йиллар муқаддам ҳозирги Жаҳон тиллари университети талабалари билан учрашувдаги нутқидан бир парча: “Сизлар институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, француз, испан тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар борадиган жойларингга чет тиллар билан бирга биринчи навбатда ўз она тилимиз – ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили – ғоят бой, ниҳоят чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифодалашга қодир эканини амалда кўрсатинглар; қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!”
Бу сўзлар замиридаги ҳаётий маъно, эзгу мақсад ва тилак мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги бўлмиш бугунги ёшларимиз учун ҳаётий бир дастуриламал бўлиши билан бирга, айни вақтда, улар буюк Навоийнинг шоирларимиз ўз она тили – “туркийда кўпрак ёзсалар эди” деган асрий орзуси ҳам, энг аввало, миллатимизнинг маънавий эҳтиёжи ва камолоти билан боғлиқ эканлигини англашга ёрдам беради. Адабиётимиз ва тилимизнинг “сергак ва жасур посбони” бўлган Абдулла Қаҳҳор ҳам жонажон юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти ва ёрқин келажагини, бетакрор миллий маданиятимиз ва адабиётимиз тараққиётини бой ва гўзал она тилимиздан айро тасаввур этолмасди.
Абдулла Қаҳҳорнинг умри сўнггида ёзган фикрлари ҳам бу муаммонинг нечоғлик муҳим эканлигидан гувоҳлик бериб туради: “Адабиёт – бу тил! Мен шу вақтга қадар бирор ёзувчининг тилсиз, имо-ишоралар билан бадиий асар яратганини эшитганим йўқ. Агар мендан “Сиз учун тил бадиий ижоднинг бошқа муаммолари орасида қандай ўрин тутади?” деб сўрашса, мен жавоб беришга қийналаман. “Асосий ўринни”, дейишдан бошқа сўзим йўқ”. Бу сўзларда ёзувчи ҳамиша қатъий амал қилган муқаддас ишонч ва эътиқод мужассам. Эндиликда уларни Абдулла Қаҳҳордек буюк адибнинг барча ижод аҳлига қолдирган эзгу бир васияти сифатида ҳам хотирлаш ва қадрлаш адолатдан бўлади.
Афсуски, ёшларимизда она тили ва адабиётимизни ўрганишга меҳр ва иштиёқ сустлашган ва саводхонлик ҳам паст. ОТМга кириш тестида она тили шарт қилиб қўйилиши тўғри. Лекин бўлажак филолог ва педагог-ўқитувчилар она тили ва адабиётдан иншо ёзишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бошқа йўналишларда ҳам ўзбек тили ва адабиёти ўтилиши зарур. Аммо илмий-назарий тушунча ва қоидалар мажмуасидан иборат фан сифатида эмас, бадиият ва нафосатни қалбан англаш, ижодий фикрлаш ва мушоҳадага ўргатувчи санъат тури сифатида ўтилса, ёшларнинг комил инсон бўлишларида беқиёс аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
Ёшларимиз мумтоз асарлар (шеър ва бадиий матнлар)ни тушуниб ёдлаш, улардаги бадиий сўз жилолари ва тагмаъноларини ҳаёт билан ва инсон руҳияти билан боғлаб таҳлил этишни ўргансалар эди. Кўп йиллик тажрибамдан бир-икки мисол келтирай. Навоийнинг қуйидаги сатрлари маъноси ва шоирнинг ғоявий-бадиий нияти ҳақида юзлаб талабалардан сўралганда, тўрт-бештаси умумийроқ тарзда ҳаминқадар жавоб беришга интилди. Ҳолбуки, шу икки сатрда ҳам Навоий инсон умри мазмуни ва камолоти даражасини теран ифода эта олган:
“Киши агар киши бўлса, ўзин киши демагай,
Қилурда ҳеч ишин ҳам киши иши демагай”
Кейинги мисраларда эса сўз санъатининг ўзига хослиги ва бадиий ҳақиқатнинг талабчан китобхонларга ҳам кучли таъсири шарқона ҳикмат тарзида ёритилган:
“Сўз ичраки ёлғон эрур нописанд,
Чу назм эттилар қилди доно писанд”
Ёки турли вилоятларимиздан келган 500 нафардан ортиқ талабадан Чўлпоннинг бундан 100 йил илгари ёзилган “Ўзбегим” шеъридаги
“...Дунёда ҳамма халқ қизиққан гавҳардек бебаҳо от эди,
Ҳуррият бўлганда сен келдинг минайин семирган отга деб...”
сатрлари замирида ифодаланган маъно ва туйғулар ҳақида фикрлари сўралганда, афсуски, кўплари бу ҳақда ҳали ўйлаб ҳам кўришмаган экан.
Баъзи таниқли танқидчи – адабиётшуносларимизнинг мақола ва тадқиқотларида бадиий асар тили масаласига деярли эътибор берилмаслиги ҳам жиддий муаммо. Етук бир шеър, достон ё ҳикоя, қисса ё роман ҳақида тақриз ё салмоқли мақола ёзсагу, ўша бадиий асарнинг тили, услуби ва муаллифнинг сўз санъати ҳақида деярли фикр юритмасак, шуни таҳлил ва тадқиқ, деб атаб бўладими?
Телешоуларда маънисизлик ва шовқин кўпайиб кетяпти: Войдод караоке каби... Санъаткор ва олимларимиз чиқишларида фикрларини адабий тилда айтсалар.
Таниқли актёримиз Тоҳир Саидовнинг нутқи, фикрлари ибратли, Хоразм шеваси мутлақо йўқ. Ёки кўплаб шеърларни ёддан, таъсирчан ўқийдиган Теша Мўминовга ўхшаш санъаткорларимизни таълим муассасаларида ифодали ўқиш санъати дарсларига таклиф этилса, ёшларимиз она тили ва адабиётнинг сеҳри-жозибасидан кўпроқ баҳраманд бўлиб, қалб-шуури эзгуликдан мунаввар бўлади.
АЛИШЕР АНВАРОВ
ҲИДОЯ ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси