ЖАВРОБГА МАСҲ ТОРТИШ МАСАЛАСИ (1 - қисм)
Ҳозирги вақтда кишини ҳалокат жарига ғарқ қиладиган ихтилофли ва шоз масалалар кенг ёйилди. Шундай тоифалар пайдо бўлдики, уларнинг истаги ва мақсади шоз маълумотларни оммага ёйиш, уммат бирлашган масалада унга қарши чиқишдир. Улар ижмога хилоф бўлсада ана шу масалаларни олға сурдилар. Қорадан оқни ажрата олмайдиган баъзи авомлар илмсиз равишда уларга эргашдилар ва тақлид қилдилар. Натижада ўзлари ҳам эргашганлар ҳам адашдилар. Уммат бирлашган нарсада ихтилоф қилган масалаларидан бири юпқа пайпоққа масҳ тортишни жоиз деб билишлари ва бу борада ҳадисга амал қилаётганларини даъво қилишларидир. Аслида ҳам шундайми? Бу борада асл ҳақиқат нима?
Аввало тўрт мазҳабга кўра маҳсига ва жавробга масҳ тортиш шартларини баён қиламиз. Зеро, бу умматнинг саводи(асосий қисми) мазкур тўрт мазҳаб вакиллари ҳисобланади. Бу тўрт мазҳаб имомлари салафи солиҳлардан бўлиб, буюк мужтаҳид эканликларига шубҳа йўқ. Ижтиҳодларини минглаб олимлар таҳқиқ қилган ва тасдиқлаган.
Давомли юриш имконияти мавжуд бўлган қалин махсигагина масҳ тортиш дуруст бўлиши борасида аҳли сунна ва жамоанинг сўзлари якдил. Лекин улар орасида махсига терининг шарт қилиниши ёки қилинмаслиги борасида ихтилоф бор. Жавробга масҳ тортишдаги ихтилофлари ҳам махсига масҳ тортишдаги ихтилофлари сингари. Аммо жавроб юриб-бориш ва қайтиб-келишда, сафар ва ҳазарда махсини ўрнига ўтадиган даражада қалин бўлиши шартлиги борасида улар ҳамфикр.
Масҳ тортиш жоиз бўлган махсининг шартларидан баҳсимизга алоқадорларини келтириб ўтамиз.
Ҳанафий мазҳабининг махси учун қўйган шартлари:
- Қадамнинг икки тўпиғини беркитган бўлиши;
- Бир фарсах ва ундан ортиқ масофа(6 км)га махсини ўзида тешилмаган ҳолатда давомий юриш мумкин бўлиши;
- Ҳар бир махси оёқнинг кичик бармоғидан учтаси миқдорича йиртиқ бўлмаслиги;
- Махси икки оёқда ўзини ўзи тутиб турадиган даражада қалин ҳолатда боғловсиз тура олиши;
- Сувни оёққа етишидан тўса олиши.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ махси мужаллад (усти ва ости теридан) бўлиши ёки мунъал (ости теридан) бўлишини шарт қилганлар. Бундан ташқари тери ҳам шу даражада қалин бўлиши керакки, у билан фарсах масофани махсининг ўзида босиб ўтиш мумкин бўлсин. Лекин икки шогирдлари Абу Юсуф ва имом Муҳаммад роҳимаҳумаллоҳ наздларида махси мужаллад(усти ва ости теридан) ёки мунъал(ости теридан) бўлиши шарт қилинмайди. Фақатгина махси бир фарсах масофага давомий юра оладиган даражада қалин бўлиши шарт қилинади. Фатво икковларининг сўзларига берилган.
Моликий мазҳабининг махси учун қўйган шартлари:
- Махси усти ва ости теридан бўлиши;
- Оёқнинг фарз ўрнини ёпиб туриш;
- Махсида давомий юриш мумкин бўлиши.
Шофеъий мазҳабининг махси учун қўйган шартлари:
- Оёқнинг фарз ўрнини ёпиб туриши;
- Мустаҳкам ва пишиқ бўлиши;
- Муқим учун бир кеча кундуз, мусофир учун 3 кеча кундуз юқорига кўтарилиш ёки пастга тушиш каби ўз эҳтиёжлари учун махсида давомий юра оладиган даражада мустаҳкам пишиқ бўлиши.
Ҳанбалий мазҳабининг махси учун қўйган шартлари:
- Оёқнинг фарз ўрнини ёпиб туриши;
- Махси икки оёқда ўзини ўзи тутиб тура олиши;
- Махсида урфга кўра давомий юриш мумкин бўлиши;
- Қадам кўринадиган тешик бўлмаслиги. Бунда тикилган ўрнидан ҳам кўринмаслиги лозим.
Демак юқоридаги тўрт мазҳаб шартларига биноан махси унда давомий юриш имконини берадиган даражада қалин ёки теридан бўлиши шарт экан. Мана шу тўрт мазҳаб иттифоқ қилган масала бўлиб, унинг хилофи уларнинг ижмоъсига кўра ботил.
Саминов Азамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси