ЖАВРОБГА МАСҲ ТОРТИШ МАСАЛАСИ (2-қисм)
Жавробга масҳ тортиш масаласи салафи солиҳларга эргашишликни даъво қилаётган кишилар хилоф қилган ва авом халқ, балки баъзи илмни даъво қилаётганлар учун ҳам чалкашлик туғдираётган масаладир. Шуни билиб олиш керакки, жавроб махсини ўрнига ўтадиган бўлиши ва махсининг шартларини ўзига шарт қилиб олиши борасида хилоф йўқ. Махсига қўйилган ҳар бир шарт унинг ҳам шарти ҳисобланади. Сизга уни баён қиламиз.
Ҳанафий мазҳаби. Имом Сарахсий роҳимаҳуллоҳ: “Жавробга масҳ тортишга келадиган бўлсак, жавроб мунъал(ости теридан) бўлса унга масҳ тортиш жоиз бўлади. Чунки мана шу жавробда сафар ўлароқ бардавом юриш мумкин. Агар жавроб юпқа бўлса унга масҳ тортиш жоиз эмас. Чунки бунда жавроб махси ичидаги ўрама латта билан бир хил бўлиб қолади. Агар жавроб қалин, лекин терисиз бўлса, имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ наздида унга масҳ тортиш жоиз эмас. Чунки бу жавробда сафарга бардавом юриш мумкин бўлмайди. Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлар наздида бу жавробга масҳ тортиш жоиз”, деганлар.
Бир ривоятга кўра Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ икки шогирдлари сўзига қайтганликлари айтилган. Демак, Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва имом Муҳаммад роҳимаҳумуллоҳлар иттифоқига кўра махси сафар ёки ҳазарда бориш ва келиш имкониятини берадиган даражада қалин бўлиши шарт қилинар экан.
Моликий мазҳаби. Моликий мазҳаби бўйича махси ва жавроб теридан бўлиши шарт қилинади. Ундан бошқаси жоиз бўлмайди.
Шофеъий мазҳаби. Имом Широзий роҳимаҳуллоҳ: “Жавроб икки шартга кўра унга масҳ тортиш жоиз бўлади. Биринчи шарти ости кўринмайдиган даражада қалин ва йўғон бўлиши, иккинчиси эса мунъал (ости теридан) бўлишидир. Мана шу икки шартдан бири топилмаса унга масҳ тортиш жоиз бўлмайди”, деганлар. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “Мажмуъ”да: “мазҳабимиздаги саҳиҳ гап жавроб унда бардавом юра оладиган даражада қалин бўлса унга масҳ тортиш жоиз, ундай бўлмаса жоиз эмас”, деганлар. Яна у киши “Минҳож”да: “сувни тўсмайдиган тўқилган нарсага масҳ тортиш жоиз эмас”, деганлар. Демак масҳ тортиш учун кийиладиган нарсанинг қалинлик чегараси оёққа қуйилган сувни етишини ман қилиши ҳамда киши ўз ҳожатлари учун унда бардавом юра олиши лозим экан.
Бугунги замонимиздаги қайси пайпоқ устидан нарса кийилмаган ҳолатда тешилмасдан муқим ва мусофир ҳожатлари учун бардавом юриш имконини беради?!
Ҳанбалий мазҳаби. Бу мазҳаб ҳукмини баён қилишдан олдин баъзи нарсаларни тафсилотини бериб ўтиш лозим. Чунки аҳли сунна орасида имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг мазҳаби бўйича юпқа жавробга масҳ тортиш жоиз деб ўйлайдиганлар йўқ эмас. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ Хироқийнинг “юрганда тушиб кетмайдиган жавроб ҳам шундай” деган сўзига қўшимча қилиб: “жавробга махсидаги икки шартга кўра масҳ тортиш жоиз. Биринчиси қадамдан бирор нарса кўринмайдиган даражада қалин бўлиши, иккинчиси унда бардавом юриш имкони бўлишидир”, деганлар. Ибн Қудома “Муғний”да имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг “саҳобалар жавробга масҳ тортар эдилар. Жавроб уларнинг замонида махси ўрнида эди. Жавроб кишининг оёғида махси ўрнини босарди. Киши унда бирор жойга борар ва қайтар эди” деган сўзини келтирганлар. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг “махси ўрнини босарди” деган сўзларининг маъноси жавроб вазифа жиҳатидан махсига тенглигини кўрсатади.
Муҳим эслатма. Махси ёки жавроб бир ўзи устидан оёқ кийим кийилмаган ҳолатда бардавом юриш имконини бериши керак. Масҳ тортиш муддати ичида киши ўз ҳожати учун бориб келгандан кейин ҳам яроқли ҳолатда қолиши лозим. Масҳ тортиш муддати муқимга бир кеча-кундуз, мусофирга уч кеча-кундуз. Бугунги кунда одамлар ичида юпқа жавроб(пайпоқ)нинг ўзида икки оёғи машаққат чекмасдан, жароҳат ва зарар кўрмасдан юра оладиган киши борми?! Шундан сўнг пайпоқ йиртилмай, тешилмай қоладими?! Ёки оёқ кийимсиз юпқа пайпоқда оқсоқланмасдан ва йўлда азият унга етишидан хавф қилмасдан юра оладими?! Айниқса аёллар ўзларининг нозик юпқа пайпоқларини кийиб қандай юра олишади?! Бардавом юриш шарти қаерда қолади?! Ақл юритмаймизми?
Юпқа жавробга масҳ тортиш имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари эмаслигини қўллаб қувватлайдиган нарсалардан имом Термизий “Жавроб” ҳадисини ривоятидан кейин айтган сўзлари “Бу ҳукм аҳли илмларнинг бир нечаларининг сўзлари. Шу жумладан Суфён Саврий, Ибн Муборак, Шофеъий, Аҳмад ва Исҳоқлар: “жавроб мунъал(ости теридан) бўлмасада, лекин қалин бўлса унга масҳ тортиш жоиз”, деганлар”. Бу эса имом Термизийдан имом Аҳмаднинг мазҳабида жавроб қалин бўлиши борасида далилдир.
Биз масҳ тортиш жоиз бўладиган махси ва жавробнинг саҳиҳ бўлиши ҳукмини ва унинг шартларини тўрт мазҳабга кўра баён қилиб ўтдик. Бундан кўринадики бугунги кундаги пайпоқларга ҳеч бир ҳолатда масҳ тортиш дуруст бўлмайди. Ана шундай пайпоқларга қилинган масҳ бетаҳоратликни кўтармайди. Тўрт мазҳабга кўра унинг намози саҳиҳ эмас ва қайта ўқиш лозим. Тўрт мазҳабнинг иттифоқ қилган сўзи ижмоъдир. Унинг ижмоъ эканлиги ва унга хилоф қилиш жоиз эмаслиги борасида баъзи маълумотларни келтирамиз.
Субкий роҳимаҳуллоҳ: “Тўрт мазҳабга хилоф қилиш ижмоъга хилоф қилиш кабидир”, деганлар.
Имом аллома фақиҳ Зайнуддин и бн Нужайм роҳимаҳуллоҳ “Ашбоҳ ван назоир”да: “Тўрт имомга хилоф қилиш ижмоъга хилоф қилишдир. “Таҳрир”да ибн Ҳумом очиқ-ойдин айтганлар: “Тўрт мазҳабга хилоф қилган мазҳабга амал қилмаслик борасида ижмоъ қилинган”. Чунки тўрт мазҳаб низоми йўлга қўйиб бўлинган ва машҳур бўлиб кетган ҳамда эргашувчилари кўп”, деганлар.
Бундан ташқари ибн Салоҳ, Муновий, имом ал-Ҳарамайн, ибн Амир ал-Ҳож, Иснавий, ибн Ҳажар Ҳайтамий, шайх Абдулғоний Ноблусий ва бошқалардан тўрт мазҳабга хилоф бўлган нарсага амал қилиш жоиз эмаслиги нақл қилинган.
Саминов Азамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси