Яратилиш санаси 29.10.2022

Имон – иқрор ва тасдиқдан иборат

Имон “ишонч”, “эътиқод”, “тасдиқлаш”, “омонлик бериш” маъноларини англатиб, динимизнинг бешта асос, яъни устунларидан биринчисидир.

Ҳанафий мазҳабимиз ва мотуридия ақидамизга кўра, имон Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан етказган барча хабарларини тасдиқлаш ва иқрор қилишдан иборат. Амал имондан эмас. Яъни, динда буюрилган амалларни адо этиш фарз бўлса-да, улар имондан ҳисобланмайди. Шунга кўра амални тарк қилиш туфайли куфрга ҳукм қилинмайди.

Имон зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди. Чунки имоннинг асли тасдиқдан, яъни юз фоизлик қатъий ишончдан иборат. Бундай тасдиқда эса зиёда ва кам бўлиш тасаввур қилинмайди. Яъни, камайса, юз фоизлик ишонч бўлмагани учун имон бўлмай қолади, кўпайишнинг эса ўзи тўлиқ бўлгани учун имкони йўқ. 

Афсуски, ҳозирги кунда  мутаассиб  оқимлар  “амали йўқлар имонсиз бўлади ва дўзахда куяди” деган даъво билан ўзларига эргашмаган мусулмонларни имонсизликда айблашга ва охират билан қўрқитишга ҳаракат қилмоқдалар.

Мазкур масала бўйича ҳанафий мазҳабининг фақиҳ, муфассир, мутакаллим ва муҳаддис олими Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни баён қилган: “Баъзи адашган фирқалар Қуръон ва суннатга тўғри келмайдиган қарашлари сабабли кишиларни шаҳодат калималарини айтаётган бўлсалар-да, ислом арконларини адо этаётган бўлсалар-да, кофирга чиқаришга уринганлар. Бошқа баъзи фирқалар эса юқоридагилардан мутлақо тескари йўл тутишиб, шаҳодат калималарини талаффуз қилганларни бирор ҳолатда ҳам куфрга чиқариб бўлмайди деб ҳисоблашган. Аҳли сунна вал жамоадагилар эса куфрга чиқаришни мутлақо инкор ҳам қилмайдилар ва ҳар бир гуноҳ туфайли куфрга ҳам ҳукм қилмайдилар, балки аҳли қибла тўғрисида доимо яхши фикрда бўладилар”.

“Ақидатут Таҳовий” китобида қуйидагилар таъкидланган: “Қибла аҳлини гуноҳ иш қилсалар ҳам кофир санамаймиз, башарти уни гуноҳ иш эканлигини кўр-кўрона инкор этмаса. ...Киши имондан чиқиши учун имонга киришига сабаб бўлган нарсаларни инкор этган бўлиши керак.

Абдураҳманов Муҳаммадхон 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси