Яратилиш санаси 02.11.2022

ХЕЧ БИР ЖАМИЯТ ИЛМСИЗ ТАРАККИЁТГА ЭРИША ОЛМАГАН

Дунё тарихидаги оддий ҳақиқатларнинг бири шуки, илму фансиз ҳеч бир юрт, ҳеч бир халқ, ҳеч қандай жамият тараққиётга эриша олмайди. Ислом маданиятининг гуллаб-яшнаши, мусулмон ўлкаларининг жаҳон тарихи кўрмаган тараққиётга эришиши, юртларнинг обод, халқларининг пешқадам бўлиши ҳам Ислом динининг илм-фанга бўлган ўта яхши муносабатидан эди. Дунёда ҳеч бир дин,  тузум, фалсафа ёки ҳаракат илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарган эмас. Ҳар бир эркак ва аёл учун талаби илмни бешикдан лаҳадгача фарз қилган эмас. Уламоларнинг сиёҳини шаҳидлар қонига  тенглаштирган эмас. Ислом эса айнан шу ишларни қилди. Энг муҳими, Исломда булар қуруқ гап бўлиб қолмади. Ташвиқот учунгина кўтарилган шиор бўлмади. Одамларни алдаш учун эълон қилинган дастур ҳам бўлмади, аксинча, ҳақиқий амалий иш бўлди.

Бу соҳада  ҳам исломий бағрикенглик кўрсатилди. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар  ким меҳнатига яраша қадрланди. Шунинг учун ҳам аслида ўтроқ, қобилиятли бўлган юртимиз аҳолиси ичидан буюк алломалар чиқди.  
Илмнинг турли соҳаларида дунёга донғи кетган алломаларимиз айни  Ислом маданияти гуллаб-яшнаган пайтда яшаб, ижод қилганлар.  

Ислом инсон ҳаётини диний ва дунёвий ҳаётга бўлмай бир бутун  нарса деб қараганидек, илмга ҳам бир бутун ҳақиқат деб қараган. Диний  илмлар ёки дунёвий илмлар деган айирмачилик бўлмаган. Илм даргоҳларида турли дарслар ўқитилган. Уламолар ҳар бир илмдан имкони борича хабардор бўлишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг маълум  бир соҳада машҳур ва пешқадам бўлишларига турли илмларнинг  бирида қилган кашфиёти ёки ёзган китобининг нодирлиги сабаб  бўлган, холос. Агар машҳур алломаларнинг таржимаи ҳоллари билан яхшироқ танишиб чиқилса, бу ҳақиқат аниқ намоён бўлади. Биргина мисолни олайлик: 

Абу Али ибн Сино асли файласуф бўлган. Илми калом  билан машғул бўлган. Қуръоннинг баъзи жузларига тафсир ёзган. У  киши қолдирган асарлар рўйхатига бир назар солган одам буни  дарҳол сезади. Лекин фалсафий баҳслардан дам олиш вақтларида тиб  билан ҳам шуғулланган. Шундан кўриниб турибдики, назарий илмлар амалий-тажрибавий илмларга қараганда етакчилик қилган. Исломда  назарий илмлар бошида Аллоҳнинг каломига, Пайғамбар соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг суннатига тегишли илмлар туради. 

Қуръони карим  ва ҳадиси шарифни ўрганиш бошқа илмларнинг ривож топишига ҳам  туртки бўлади. Бу ҳақиқатни юртимиз тарихида ҳам кўриш мумкин.  Ўша тараққиёт даврида Қуръон ва Суннат илмлари кучли ривожланган, уларга амал қилишга эътибор катта бўлган. Шунинг учун кескин тараққиётга эришилган. Айни ўша пайтда исломий илмлар бўйича буюк  имомлар етишиб чиққанлар ва ўзларининг беқиёс асарларини  битганлар.  

Исломда кишиларни ирқи, миллати, яшаш жойи, тилига қараб  ажратиш йўқ. Ҳамма ихлосига, эътиқодига, қилган меҳнатига яраша қадр  топади. Шунинг учун ҳам аслида қобилятли бўлган Моварауннаҳр диёри  аҳолиси Исломда ўз ҳаловатини топди. Ислом туфайли ҳаётининг барча  сохаларида улкан мувофаққиятга эришди. Унинг сояси остида бу диёр  гуллаб яшнади. Халқ эса ўша вақтдаги дунёнинг пешқадамларидан бирига  айланди. Агар тарихга диққат билан назар соладиган бўлсак, ҳаётнинг  барча соҳаларида кўзга кўринган арбоблар, дунёга донғи кетган буюк  шахслар айни Ислом давлатида, исломий ҳаёт соясида вояга етганлар. Бутун оламга фан, маданият, хазорат (цивилизация) марказлари сифатида танилган шахарларимиз ҳам ўша вақтда тилга тушган.

Абдулазиз Бобамирзаев