Асҳоби Каҳф ҳақидаги ҳикоя
Асҳоби Каҳф ҳақидаги ҳикоя Қуръони Каримнинг 18-сурасида баён қилинган. Айнан мана шу воқеанинг муҳимлиги сабабли бу сурага “Каҳф” деб ном берилган Суранинг 9-26 оятлари мана шу воқеа ҳақида баён қилади. Бу воқеа хусусида турли ривоят ва қиссалар бор. Исломдан бошқа дин вакиллари орасида ҳам бу қиссага ўхшаш воқеалар мавжуд. Лекин Қуръони Каримда
“Биз сенга уларнинг хабарини ҳақ ила қисса қилиб берамиз”[1], дейилган. Демак, ҳақиқий ва ишончли хабар – шу.
Айтилишича, бутпараст қавм орасида Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига ишонган бир неча ёш йигитлар бор эди. Улар ўз эътиқодларини очиқчасига ифода этгани сабабли тошбўрон қилиб ўлдирилиш ёки мажбуран эътиқодларини ўзгартириш мажбуриятида қолдилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло айтади:
“Биз уларнинг диллари (имонларини) қувватлантирдик - ўшанда улар (золим шоҳ қаршисида) туриб дедилар: "Бизнинг Раббимиз осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга "илоҳ"га сира илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз. Ана у қавмимиз эса Ундан ўзгаларни "илоҳ" қилиб олдилар. Кошки ўзлари учун бирор аниқ ҳужжат келтирсалар экан. Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ким ҳам золимроқдир?!"
Мана шундан кейин Аллоҳ таоло йигитларга иймонларида собит қолишлари учун ғорга яшириниш лозимлигини уқтиради.
"(Йигитлар!) Модомики улардан (мушриклардан) ва Аллоҳдан ўзга улар сиғинаётган нарсалардан юз ўгирган экансизлар, энди ғорга паноҳ излаб борингиз! Раббингиз сизларга Ўз раҳматини кенг қилур ва ишларингиз омадини берур".
Шунда йигитлар қочиб ғорга яшириндилар.
Қачонки, йигитлар ғорга паноҳ истаб бориб: "Эй, Раббимиз! Бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг тўғрилагин", - дедилар. Бас, (ўша) ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига (парда) уриб қўйдик.”
Ояти каримадаги “қулоқларига парда урдик” деган сўз қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйдик маносида келган. Яъни йигитлар ғорга қочиб келиб яшириндилар ва Аллоҳ уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйди, яъни ухлатиб қўйди.
“Уларни уйғоқ деб ўйлайсан, ҳолбуки улар ухлаб ётурлар. Уларни гоҳ ўнгга гоҳ чапга ағдариб турурмиз. Итлари эса остонада олд оёқларини чўзиб ётур. Гар уларни кўрсайдинг, ортга ўгирилиб қочар ва улардан қўрқинчга тўлар эдинг”.
Аллоҳ таоло айтади:
“(Улар) ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз (йил)ни зиёда қилдилар.
Яъни, қамарий йил ҳисоби билан тўла 300 йил, шамсий-мелодий йилга ҳисоб қилиш учун эса, яна 9 йил қўшиш кераклиги уқдирилмоқда.
Бу муддат ўтганидан кейин Аллоҳ таоло уларни уйғотди.
“Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун уларни ана шундай уйғотдик. Улардан бири деди: "Қанча қолдингиз(ухладингиз)?" Улар(нинг айримлари): "Бир кун ё ярим кун", - дедилар. (Қолганлари эса): "Қанча (ухлаб) турганингизни Раббингиз билур. Энди бирортангизни шу пулингиз билан шаҳарга жўнатингиз, у энг покроқ таомларни қараб, сизларга ундан озуқа олиб келсин. У лутф билан эҳтиёткорона юрсин ва сизларни бирортага сездириб қўймасин”. Чунки улар (шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қилурлар ёки сизларни ўз динларига қайтарурлар ва у ҳолда, сира нажот топа олмайсизлар", - дейишди”.
Яъни бу йигитлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, иймондан қайтиш ёки тошбўрон бўлиб, ўлим топиш орасида мажбурликдан ғорга қочган эдилар. Шу боисдан шаҳар аҳли уларни қўлга олишидан қўрқиб, шаҳарга тушувчи шерикларига ниҳоятда эҳтиёт бўлишни тайинламоқдалар.
Ривоят қилинишича шаҳарга егулик учун юборилган киши озиқ-овқат сотиб олиш учун пулини кўрсатади. Одамлар бу қадим замон пули эканинин билиб қоладилар. Шундай қилиб йигитлар ғорда уч юз йилдан кўпроқ ухлаганликлари маълум бўлади.
Шундай қилиб, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва қиёмат соатида шубҳа йўқ эканини билишлари учун уларни (одамларга) билдирдик. Энди эса, улар иши ҳақида тортиша бошладилар: «Уларнинг устларига бино барпо қилинглар, Роббилари уларни яхши билгувчидир», дедилар. Ишларига ғолиб келганлар эса: «Уларнинг устларига, албатта, масжид қуриб олурмиз», дедилар.
Ғорга яшириниб олган йигитларнинг сони ҳақида ояти каримада шундай дейилган:
“Ҳали улар: "Учтадир, тўртинчилари итларидир", десалар, (бошқалари) "бешта бўлиб, олтинчилари итларидир", деб ғайбга тош отурлар (тахминан гап сотурлар). Яна: "(Улар) еттитадирлар, саккизинчилари итларидир" ҳам дейдилар. "Уларнинг саноғини Раббим яхши билувчидир. Уларни жуда оз киши билур", дегин. Бас, улар хусусида тортишиб юрма. Тортишсанг ҳам, очиқ тортиш. Улар ҳақида ҳеч кимдан савол сўрама!”.
Демак одамлар йигитларниг сони ҳақида жуда кўп тортишганлар. Баъзилари бешта деса, баъзилари ундан кўп дер эдилар. Бу орқали эса ўзлари билмаган ғайб нарсага таҳмин тошларини отганлар. Қиссадан олинадиган фойда, ибратлар бир томонда қолиб, бекордан-бекорга тортишиб, вақтни кетказишнинг нима ҳожати бор? Уларнинг саноғини фақат Аллоҳ билади.
Исроилий хабарлардан маълум бўлишича, ғордаги итнинг номи “Қитмир” эканлиги маълум.
Ушбу воқеа қайси даврда, қайси ҳудудларда бўлиб ўтгани ҳақида ишончли маълумотлар мавжуд эмас. Бу ҳақида келган турли хил маълумотларни солиштириб кўрилса жуда кўплаб чалкашликларга дуч келиш мумкин.
Жумладан, Ҳиндларнинг муқаддас китобларидан ҳисобланган “Маҳабхорат”да етти киши, ортларида эргашган бир кучук билан бирга риёзат учун подшоликдан ва дунёдан юз ўгирганликлари ҳақида баён қилинган.
Яҳудийликда эса, бир киши етмиш йил ухлагани ҳақида маълумотлар бор.
Бу каби воқеа Христиан манбааларида ҳам мавжуд бўлиб, Император Теадос (Theodosius) II ҳукмронлигининг ўттиз саккизинчи йили Эфес шаҳри яқинидаги бир ғорда чиримаган баъзи жасадларнинг топилгани ва улар устига мақбаралар қурилгани қайд этилган. Мана шу манбаларга қарайдиган бўлсак, “Асъҳоби Каҳф” воқеаси император Декянус (Decius) даврида, Эфес шаҳрида бўлиб ўтган. 1926-йилда Австрия Археология институти томонидан ушбу ҳудудда олиб борилган қазишмалардан сўнг, ҳудуднинг шарқий ён бағрида топилган қолдиқлар V асрнинг ўрталарига, айнан Императот Теадос (Theodosius) II даврига оид экани аниқланган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Асъҳоби Каҳф” воқеаси айнан қайси даврда, қайси ҳудудда бўлганлиги, уларнинг сони ҳақидаги маълумотлар ишончли эмас. Шу билан бирга тортишув ва изланишларга вақт сарфлаш ҳам муҳим эмас. Бу қисса орқали Аллоҳ таоло биз бандаларга қандай ибратлар баён қилгани энг аҳамиятлиси ҳисобланади.
Бобурхон ИСАҚОВ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси