Яратилиш санаси 18.11.2022

Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси

Шундай бир улуғ неъмат борки, у ҳам бўлса диёримиз мусулмонларига Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) асос солган ҳанафий мазҳабида амал ва ибодат қилишликни муваффақ этди.

Ҳанафия исломдаги энг кўп тарқалган мазҳабдир. Унинг асосчиси Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ 669-767 йилларда яшаган. Маълумки, ҳуқуқшунослик марказларидан бири Ироқдаги Куфа шаҳри бўлган. Пайғамбаримизнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Масъ-уд розияллоҳу анҳу (вафоти 653 й.) у ерга фақиҳ ва муаллим сифатида Халифа Умар томонидан юборилган эди. Унинг талабалари фуқаҳо сифатида тан олинди ва уларнинг энг машҳурлари-дан бири Ҳаммод ибн Абу Сулаймон роҳимаҳуллоҳ (вафоти 738 й.) мазкур мазҳабга ном берган Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг устози бўлган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) фиқҳ илми ҳақида марҳамат этиб шундай деганлар: Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши ушбу сўзни Расулуллоҳдан эшитганман, деб айтдилар: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ (дин олими) қилади”. Дарҳақиқат, Имоми Аъзам раҳматиллоҳи алайҳга Аллоҳ таоло чиндан ҳам яхшиликни раво кўрди. Ул зотни дин илмида мумтоз қилди, мазҳабини бошқа мазҳаблардан кўра мукаммал ва мумтоз қилди.

Ривоят қилишларича, Имоми Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг отаси Собит роҳимаҳуллоҳни болалик чоғида бобоси Зутий ҳазрат Али роҳимаҳуллоҳ ҳузурларига олиб келиб, унинг ҳақига дуо қилишларини сўрайди. Ҳазрат Али (р.а.) Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриётига баракот берсин, деб дуо қиладилар. Ушбу дуо шарофатидан Собитнинг зурриётидан Имоми Аъзам роҳимаҳуллоҳ машҳурлик касб этди ва бу зотнинг мазҳаблари оламга ёйилиб, шогирд ва эргашувчилари сон-саноқсиз бўлди.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ насли эронлик, асли эса куфалик бўлиб, ўзининг исми Нуъмон ибн Собит роҳимаҳуллоҳ  эди. Ўзига тўқ ипак сотувчи хонадонида таваллуд топган. Аъло таълим олиб, ёшлигида сўнгги саҳобаларнинг суҳбатини олган. 22 ёшида машҳур ҳуқуқшунос Ҳам-мод ибн Абу Сулаймон роҳимаҳуллоҳнинг шогирди ва унинг даврасида 18 йил тахсилда бўлади. Устоз вафотидан сўнг 10 йил давомида ушбу тўгаракка рахбарлик қилади. У Куфа ва Басранинг энг обрўли фақиҳи хисобланган. 747-748 йилари уни давлат хизматига чорлаган Ироқ ҳокимининг зулмидан қочиб, Маккага кўчиб ўтади. Ҳокимиятга Аббосийлар келгач, Ироққа қайтади ва бой тожир хамда нуфузли олим сифатида ҳаёт кечиради. Халифа ал-Ман-сур  (754-775) Бағдодда унга қози ёки бошқа юксак мартабани эгаллашни таклиф этганида қатъиян рад жавобини беради. Иродасини бўйсундириш учун ёши ва обрўсига ҳам қарамай, халифа уни қамоққа ташлаб, ҳатто савалашга буюради. Орадан кўп ўтмай Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ  оламдан ўтади.

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бутун умри мобайнида эллик беш марта ҳаж қилганлиги маълум. Олим сифатидаги билимларини савдо шиларида кундалик ҳаётга амалий жиҳатдан татбиқ этиш имконига эга бўлиб, қоида-қонунларни киёс ва истиҳсонни ишлатиш орқали бойитади. Қиёсни шакллашда раъй (фикр)га таяниши туфайли унинг мактаби «Ахлур-раъй» номини олади. Ҳадисларга таянганлар «Аҳлул-ҳадис» номини оладилар, бироқ Абу Ҳанифа мактаби анъанани яхши билган ва тан олган. У шундай деган: “Бизнинг бу борадаги энг аъло билимимиз раъйдир. Бу – биз эриша олган энг аъло нарсадир”.

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ