Ҳаё буюк хулқ
У диндаги салобатдан келиб чиқади. Яъни, ҳаёли инсон барча қилмишини Аллоҳ кўриб тургани учун Ундан ҳаё қилади. Ҳаё ҳақида айтилган энг гўзал жумла қуйидаги жумладир: “Ҳаё бошни пастга тушириш ёки юзнинг қизариши эмас. Ҳаё бу Аллоҳ сени қайтарган нарсаларида топмаслиги, амр қилган нарсаларида йўқотмаслигидир!”.
Ҳаёнинг натижаларидан бири қалбнинг юмшоқлиги ва табиатнинг ёқимли бўлишидир. Ҳаё ўз соҳибини бошқаларга биргина сўз билан бўлсада азият бермасликка ундайди. Ҳаёли инсон сўзларини бошқаларга азият бермаслиги учун танлаб-танлаб гапиради. Ҳаё ўз соҳибини бошқаларга нисбатан бурчларини бажаришга ундаб туради.
Ҳаё пайғамбарлар хулқидир. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чимилдиқдаги келинчаклардан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бирор нарсани ёқтирмасалар буни юзларидан билса бўлар эди!”.
Ҳаё Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир. Ҳадисда келади: “Роббингиз ҳаёли ва сахийдир. Бандасининг Ўзи томон дуо қилиб чўзилган қўлини қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади!”. Ҳаё фаришталар хулқидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳақларида: “Фаришталар ҳам ҳаё қиладиган кишидан мен ҳаё қилмайми?!”, деганлар.
Ҳаё иймоннинг шохларидан биридир. Ҳадисда: “Иймоннинг етмишдан ортиқ шохлари бор. Ҳаё иймоннинг шохларидан биридир!”, дейилади.
Муҳаммадали Каттабаев
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти АРМ мудири