Яратилиш санаси 21.11.2022

"Жиход" тушунчасини сохталаштираёганлардан огоҳ булайлик!

Аслида жиҳод сўзи ҳарбий маънони англатмайди. Унинг луғавий маъноси куч сарфлаш, имкониятларни ишга солиш, машаққат чекиш дегани. Истилоҳда эса "жиҳод" жуда кенг қамровли ва ғоят теран мазмунга эга бўлган олийжаноб ғоядир.

Жиҳод тушунчаси мусулмон кишининг бутун ҳаётини қамраб олади ва у динга тўлалигича амал қилиш, нафс ва шайтонга қарши курашиб, тақво малакасини ҳосил қилиш, ҳидоят ва тўғри йўл узра собитқадам бўлиш, Ислом пайғамбари олиб келган олийжаноб хулқлар билан хулқланиш, Аллоҳ ва Расули қайтарган ҳаром ва мункар ишлардан тийилиш, яхшиликни ёйиш, илм ва маърифат таратиш, маърифатга интилиш ва бошқа исломий гўзал одоблар билан одобланиш каби покиза ва олий тушунчадир.

Жиҳод тушунчасини калашников билан амалга ошириладиган уруш ва қитол маъносига чеклаш динимизга қилинаётган энг катта хиёнатлардан биридир. Ўзи аслида исломда муқаддас уруш деган нарса йўқ. Бу тушунча, салибчи христианлардан кириб келган. Исломдаги жиҳодни улардаги "holy war" (муқаддас уруш) тушунчасига синоним сифатида кўрсатмаслик керак.

Чунки, юқорида айтилганидек, исломдаги жиҳод мўмин кишининг бутун ҳаётини қамраб олиб, умрининг охиригача давом этадиган улуғ бир ҳаёт йўлидир. Қитол-жанг эса жиҳод тушунчасининг бир қисмидир холос. Чунки, гоҳо тинчлик ва эминликни сақлаш учун урушга киришга мажбур бўлади халқлар. Аммо, "жиҳод"ни фақат қурол кўтариб уруш қилишдан иборат дея таърифлаш ва шу шаклда кўрсатиш илмсизлик ва Китоб ва Суннатни чуқур англамасликдан далолатдир.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида Ўз пайғамбарига хитобан шундай дейди: "فلا تطع الكافرين وجاهدهم به جهادًا كبيرًا" яъни "бас, шундай экан, кофирларга итоат қилма ва у (Қуръон) билан уларга қарши катта жиҳод қил!" (Фурқон сураси: 52-оят;).

Ушбу ояти карима Маккада нозил бўлган. Умуман Фурқон сурасининг аксар қисми маккийдир. Ваҳоланки, Макка даврида кофирларга қарши ҳеч қандай қитол ва қуролли уруш бўлмаган. Бунга буюрилмаган. Шундан ҳам маълумки, бу оятда тилга олинган жиҳод сўзи ҳатто, "катта жиҳод қилиш" жангдан бошқа маъноларга далолат қилади. У ҳам бўлса, Қуръони карим оятларида мужассам бўлган исломий тушунчаларни ундан бебаҳра бўлган жоҳилият одамларига, Аллоҳни ҳаққирост танимайдиган кофир кимсаларга етказиш, ҳақ динни уларга тушунтириш. Ҳидоятга чорлаш ва бу йўлда асло сусткашликка йўл қўймаслик.

Ушбу ояти каримада Қуръони карим ва ундан балқиб чиқувчи соф исломий тушунчалар билан куфрга қарши жиҳод олиб бориш катта жиҳод деб аталмоқда. Қуръони карим билан жиҳод қилиш эса унинг оятларини ўзгаларга етказиш, динни тўғри тушунтириш, илму маърифатни ёйиш ва у билан ҳидоятга чорлашни англатади.

Шундан келиб чиқиб айтиш лозимки, "катта жиҳод" бу қурол кўтариб қилинадиган уруш эмас, балки ундан кенгроқ ва олийроқ мақсадларни қамраб оладиган улуғ тушунчадир.

Турсунов Исоқхўжа

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
 билим юрти ходими