Сеҳрни шариъатдаги ўрни
Аллоҳ таоло Қуръони каримда сеҳр ҳақидаги оятларни нозил қилган бўлиб, ҳозир тақдим этмоқчи бўлган маълумотларимиз айнан ана шу оятлар асосида бўлади.
“Ва Сулаймон подшолигидаги шайтонлар тиловат қилинган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлар ҳатто: “Биз фитна – синов учун, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, иккковлардан эр – хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва улар зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ, агар билсалар ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон”.
“Агар улар иймон келтириб, тақво қилганларида, гар билсалар, Алоҳнинг ҳузуридаги савоб яхши эди. ("Бақара" сураси - 102-103 отялар)
Оятнинг нозил бўлиш сабаби.
Имрон ибн Хорис айтади: “Биз Ибни Аббоснинг олдида ўтирган эдик, у киши айтдилар: - Шайтонлар осмондан хабарларни ўғринча эшитиб оладилар ва рост сўзларни ҳам келтирадилар. Улар битта ростга етмишта ёлғон қўшиб одамлар қалбига сингдирадилар. Буни Сулаймон а.с. билиб қолдилар. Ва барча хабарларни тўплаб курсиларининг остига кўмиб қўйдилар. Сулаймон а.с. вафот этгач йўл шайтони туриб (одамларга): - Сизга Сулаймоннинг беркитилган хазинасини кўрсатайми? Бу каби хазина ундан бошқа йўқ, - деди. Одамлар “Ҳа”, дейишди. У “Курсининг тагида” деди. Одамлар уни чиқариб: “ Бу Сулаймоннинг сеҳри, у билан умматларини сеҳрлаган”, дейишди. Аллоҳ таоло Сулаймон а.с. ни оқлаб шу оятни нозил қилган.
Калбий айтади: “Шайтонлар Осифнинг тилидан сеҳр ва ҳар – хил руқияларни ёзиб: “Бу Осиф ибн Барҳиянинг Сулаймон подшоҳига ўргатган нарсаларидир”, деб, Аллоҳ у кишининг подшоҳлигини олаётган вақтда меҳроблари остига кўмиб қўйишди. Сулаймон а.с. буни сезмадилар. У киши вафот этгач меҳроб остидан уни чиқариб олишди ва одамларга: “Сулаймон а.с. сизларга мана шу билан ҳукмронлик қилган, сиз ҳам уни ўрганинглар”, дейишди. Бани Исроил олимлар буни ўрганишиб: “Аллоҳ сақласин, бу Сулаймон а.с.нинг илми эмас”, - дейишди.Аммо жоҳил кимсалар Сулаймон а.с. нинг илми шу экан деб ўрганишга киришиб кетдилар ва пайғамбарларининг китобини инкор этишди. Шундай қилиб Сулаймон а.с.га туҳмату – бўҳтонлар ёғилиб токи Аллоҳ таоло Муҳаммад с.а.в. ни юборгунча давом этди. Аллоҳ у кишига Сулаймон а.с.нинг бу нарсалардан покизалигини айтиб ушбу оятни нозил қилди”.
Саддий айтади: “Сулаймон а.с. замонларида одамлар сеҳрни ёзиб уни ўрганиш билан шуғулландилар. Бу ёзилганларни Сулаймон а.с. курсини остига кўмдилар ва одамларни ундан манъ қилдилар. У киши вафот этгач, Шайтон одам суратида Бани Исроилдан бир гуруҳнинг олдига келиб: “Сизлар ҳеч қачон тугатаолмайдиган бир хазинани кўрсатайми? Курсининг тагини кавланглар”, - деди. Улар кавлаб ўша битикларни топишди. Шайтон: “Сулаймон а.с. инс, жин, қушлар, шайтонларни мана шу билан бўйсундирган”, - деди. Бани Исроил ушбу китобларни олдилар. Шунинг учун энг кўп сеҳр яхудларда топилади.Аллоҳ таоло Сулаймон а.с.ни оқлаб ушбу оятни нозил қилди.
Абдуқаҳҳоров Сарвар
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси