Ўзбекистон – буюк алломалар юрти
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номлари билан аталган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси мазкур меросни кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилмоқда.
2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 91-бандида IHT, IRCICA, ICESCO, UNESCO каби дунёнинг нуфузли ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва университетлари билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” шиори остида халқаро конференция, симпозиум ва анжуманлар ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикасининг Кувайтдаги элчихонаси ҳамда Кувайт университети билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Онлайн ва оффлайн форматда ўтган илм машваратида Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Мирилёс Мирзиётов, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Баҳодир Хўжаев, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси мудири Миродил Ҳайдаров, кафедра профессор-ўқитувчилари – Нигора Ҳакимова, Илҳом Бекмирзаев, Бурҳониддин Аҳмедов, “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси ўқитувчиси Муҳаммадсиддиқ Усмонов, Ал-Имом Муҳаммад ибн Сауд Ислом университети (Саудия Арабистони) профессори Иброҳим Алмозаини, Қувайт университети Санъат факультети ислом тарихи профессори, доктор Файсал Тоха, доктор Санад Абдулфаттоҳ, доктор Бадр ар-Рашидий, Қирол Абдулазиз университети (Саудия Арабистони) профессори, доктор Надия Алим Қурбон иштирок этишди.
Анжуманда шунингдек, юртимиздаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, Кувайт, БАА, Ўмонда фаолият юритаётган илмий марказлар тингловчилари, олий таълим муассасалари талабалари, диний соҳа вакиллари ва мутахассислари қатнашди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ибратли ҳаёт йўллари ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, кенг афкор оммага етказиш ва муҳокама қилиш тадбирнинг устувор мақсадларидан биридир.
Тадбир аввалида Қуръон тиловат қилинди. Ўзбекистон ва Кувайт давлат мадҳиялари тингланди. Шундан сўнг анжуманни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Мирилёс Мирзиётов кириш сўзи билан очиб берди. Табрикда Ўзбекистон замини қадимдан ислом тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккирлар замини экани, алломаларимиз қолдирган илмий-маънавий асарлар, қўлёзмалар ислом цивилизациясида муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Бугунги кунда юртимизда мазкур соҳага алоҳида аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Анжуман ишига муваффақият тиланди.
Ўз навбатида Қувайт университетининг ислом тарихи профессори, гуманитар фанлар бўйича араб журнали бош муҳаррири, доктор Абдулҳадий Ажмий жаноблари ҳам сўзга чиқди.
Конференция давомида иштирокчилар томонидан “Ўзбекистон алломалари қўлёзма асарларининг ислом илмларидаги аҳамияти (ЎзХИА фонди асосида)”, “Абу Бакр Қаффол Шошийнинг илмий мероси”, “Хусомиддин Садр Шаҳид Бухорийнинг фиқҳ илмида тутган ўрни”, “Имом Термизийнинг ҳадисшунослик илмида тутган ўрни”, “Ҳижрий III аср бошидан мўғуллар истилосигача (205-617) Бухоро сўфийлари ва уларнинг илмий саъй-ҳаракатлари”, “Самарқандлик олимлар ва уларнинг IV-V ҳижрий асрларда ислом цивилизациясига оид илмий мероси” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Тадбир ниҳоясида билдирилган мавзулар юзасидан қизғин муҳокамалар ўтказилди. Таклиф ва мулоҳазалар тингланди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати