Яратилиш санаси 30.11.2022

Ислом мутаассибликни қоралайди

Мутаассиблик - ўз фикр - мулоҳаза ва дунё қараши тўғрилигига ўта қаттиқ ишониб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш демакдир. 

Мутаассибликка йўлиққан шахс ёки гурухлар жамиятда беқарорликни вужудга келтиришга уринадилар.

У жамият, халқ, қолаверса, бир дин вакиллари орасида ҳурматсизлик, келишмовчилик, ўзаро адоват ва фирқачилик каби салбий омилларни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфли хусусият касб этади. 

Зеро, мазкур иллатлар ҳар бир дин ва миллат келажагига тўсқинлик қилиш ва беқарорликни келтириб чиқариш учун етарли хавф-хатарга сабаб бўла олади.

Ислом дини мутаасибликка хайрхоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. Демак, бир фикрда қаттиқ туриб олиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш шариат ман қилинган ишдир. 

Аслида ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифдашундай дейилади: “Албатта дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса,( дин) уни енгади” дедилар. 

Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Зеро, Аллоҳ таоло қуръони каримнинг (Бақара сурасининг 185 ояти каримасида) қўйидагича марҳамат қилади: Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди.

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ