Яратилиш санаси 02.12.2022

Мазҳабларни инкор қилишнинг ҳукми...

Биров мазҳабларни инкор қилса, уларни ёмон деб ҳисобласа, ҳадис китобларига эргашишни даъво қилса, унинг ҳукми қандай бўлади? У мубтадеъ бўладими ёки йўқми?

Унга жавоб. Мазҳаб эгалари – улар Абу Ҳанифа бўладими, Шофиъий бўладими, Молик ёки Аҳмадми ёхуд улардан бошқалари бўладими, мазҳабларини тузишда ва масалаларни ишлаб чиқишда шариатга хилоф қилган эмаслар. Ҳар бирлари тўртта асосий манбага – Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсга суянганлар. Уларнинг ораларидаги ихтилофлар оят ва ҳадисларнинг маъноларини тушунишда юз берган, холос. Уларнинг бирортаси бу борада таассубга йўл қўймаган ёки қиёсни шариатга муқаддам ҳам қилмаган. Ҳидоят имомларининг барчаси қиёсни устун қўйишдан покдирлар. Улардан бирортаси тарафга бу айбни нисбат қилиш айни ёлғон ва бўҳтондир.

Айрим мутаассиблар ҳанафийларни «асҳоб ар-раъй» дейишлари эътибордан соқитдир. Бу ерда қизиқ гап хаёлга келади: райъ сўзига кирган «алиф-лом» артикли «аҳдий» бўлиб, дақиқ райъни билдиради. Яъни, ҳақиқатдан ҳам ҳанафийлар дақиқ, нозик раъй соҳибларидирлар!

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний Шофиъий ўзининг «ал-Мажмаъ ал-муассас фи-л-мўъжам ал-муфаҳрас» асарида: «Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар мавжуд», деб иқрор бўлган. Аллоҳ таоло ўз мазҳабига мустаҳкам бир зотнинг тилидан ҳанафийликнинг гўзаллигини васф қилдириб қўйди. Лекин уни кўпчилик тушунмай келади.

Хуллас, мазҳабларнинг бирортаси оят ва ҳадислар, ижмоъ ва қиёсга мухолиф эмас. Ҳар бир масаланинг асли мана шу тўрт нарсадан бирортасидандир. Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавий «ал-Инсоф фий баён сабаб ал-ихтилоф» асарида ёзади:

«Ушбу қоидаларга кўра фиқҳнинг асосини қурдилар. Ўзларидан олдин бирорта масала борасида сўз юритилмаган, уларнинг замонларида вужудга келган бўлса, бу борада марфуъ-муттасил ёки мурсал ёхуд мавқуф бўлган саҳиҳ ё ҳасан ёки эътиборга лойиқ ҳадис топдилар. Икки шайх (Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ал-Форуқ разийаллоҳу анҳумо), бошқа халифалар, шаҳарларнинг қозилари ва фақиҳларининг хабарларини топганлар. Ёки ўша ҳадис ва хабарларнинг умумийлигидан, ишорасидан ёхуд тақозосидан истинбот қилдилар. Шу хилда Аллоҳ уларга суннатга амал қилишни осон айлади». Тамом.

Демак, юқоридагиларда маълум бўлдики, тўрттала мазҳабни инкор қилувчи ёки уни ёмон деб билувчи агар тўрт мазҳаб шариатга мувофиқ бўлганлиги учун шундай деб инкор қилса ёки ёмон санаса, кофир бўлади. Чунки, у динни хор қилган ва инкор қилган бўлади.

Абдураҳимов Баҳромжон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билм юрти мударриси