Яратилиш санаси 06.12.2022

Мутаассиблик исломга ёд ғоя

Ислом дини тарихига назар ташласак, мутаассиблик ва динда чуқур кетиш оқибатида кўплаб хунрезлик ва нотинчликлар келиб чиққанини гувоҳи бўламиз. Ислом оламида тарихда ва ҳозирда диний мутаассиблик, динда ғулу (чуқур) кетиш оқибатида ҳатто мўмин-мусулмон кишини кофир (иймонсиз), муртад (диндан қайтган) деб аталиш ҳоллари ҳам учрайди. 

Динда чуқур кетиб, ҳаддидан ошиш натижасида  мусулмонлар ичида кўплаб фирқалар вужудга келган ва ҳозир ҳам бу ҳолат давом этмоқда. Ўтмишда  хорижийлар, муътазилийлар, марисийлар, рофизийлар, қадарийлар, жаҳмийлар  дин душманлари Исломга етказолмаган зарарни келтиришган бўлса, ҳозирги вақтда “ал-қоида”, “мусулмон биродарлари”, “ҳизбу-т-таҳрир”, “ҳизбуллоҳ”,    “таблиғчилар”, “акромийлар”, “нурчилар”, “сохта салафийлар”, “жиҳодчилар” ва яна динни тарғиб қилиш ниқоби остидаги кўплаб фирқалар мавжудки, асл мақсадлари қонуний ҳукуматни ағдариш, террористик амалиётлар орқали одамларни даҳшат ва қўрқувда ушлаб туриш бўлиб, уларнинг Ислом динига етказган зарарларини  ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди.

Ислом дини эзгуликка асосланган мўътадил дин бўлиб, диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради.

Ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилган. Шу маънода,  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси-шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”.

Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд.

 Олимхон Исақов 

Билим юрти ўқитувчиси