ИСЛОМДА ОЗОДАЛИК ВА ПОКЛИККА ЭЪТИБОР!
Албатта, Ислом дини поклик ва озодалик динидир. Динимиз инсонни ҳар нарсада руҳий-маънавий ҳамда жисмоний покликка чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда пок бандаларини яхши кўришини бир неча ўринларда зикр қилиб ўтган. Жумладан, Бақара сурасида Аллоҳ таоло бундай деган:
“Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси 222- оят).
Бошқа бир ояти каримада эса шундай деган:
“Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар” (Тавба сураси 108-оят).
Ислом шариатида покликнинг ўзига хос ўрни бор. Зеро, поклик инсон учун берилган энг буюк неъмат бўлиши билан бир қаторда, ибодатларнинг қабул бўлиши ҳам уларнинг поклик асосида адо этилишига боғлиқ. Кўплаб ибодатлардан олдин таҳорат, ғусл каби амаллар бажарилиб баданни поклаш, кийим ва жойни пок бўлиши шарт экани барчамизга маълум. Аслида, фақатгина бадан, либос, маконни поклабгина қолмай, пок эътиқод билан холис ният қилиш ҳам ибодатнинг талабларидандир. Зеро, ибодатлар холис Аллоҳ таоло учун бажарилади, Аллоҳ таоло эса покизаликни, тозаликни севади.
Дарҳақиқат, Ислом дини поклик масаласига алоҳида эътибор қаратгани ўзи ҳам бу масала имон-эътиқод даражасидаги муҳим эканини билиб олишимиз мумкин.
Мусулмон киши бир кунда беш маҳал таҳорат олар экан унда аксар аъзоларини сув билан поклаши билан бир қаторда маънавий жиҳатдан ҳам покланган ҳисобланади. Айниқса, таҳоратда оғиз ва бурунни чайиш, мисвок ишлатиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо мисвок тутганлар. Чунки биргина мисвокнинг ўзида қанча маъно ва мақсад мужассам. Мисвок инсоннинг тишларини мустаҳкам, покиза тутиши билан бир қаторда оғиздаги ҳидни ҳам ҳушбўйлантиради, милк ва тиш касалликларини олдини олади, кўзни равшан қилади, овқат ҳазмини яхшилайди, турли микробларни ўлдиради. Зеро, ўзгалар билан мулоқот қилаётган киши уларга ҳар ҳил ҳидлар билан ҳам озор бермаслиги лозим.
Ҳозирги замонавий тиш тозалаш чўткалари 1806 йилдан бошлаб урфга кирган бўлса, аждодларимиз минг йиллардан буён арок деган дарахтнинг шохларидан махсус ясалган восита (мисвок) ёрдамида оғиз тишларини тозалаб юришган.
Динимиз шахсий тозалик ва покликка қанча аҳамият қилган бўлса, жамият тозалиги, атроф муҳитни тоза сақлаш, сув ва ҳавони булғамаслик чора тадбирларига ҳам юксак эътибор қаратган. Ҳовли-жойларни тоза тутиш соғлиқни сақлашнинг муҳим омилларидан бири экани барчамизга маълум. Ҳозирги вақтда айниқса озодалик ва покизалик қоидаларига риоя қилиш яна ҳам зарурроқ иш бўлиб турибди.
Минг афсуски, баъзи жойларда чиқиндиларни сувга оқизиш, йўл четларида қолдириш, ҳатто, чиқинди учун тайёрлаб қўйилган махсус қутиларни олдига олиб бориб ташқарига улоқтириш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Куз фаслида дарахтлардан тўкилган баргларни тўплаб, ёқиш – энг зарарли ишлардан бири ҳисобланади. Чунки ундан чиқаётган тутун ва бадбўй ҳид тоза ҳавони ифлослантириши билан бирга нафас орқали ўпкага кириб, уни касал ҳам қилади.
Айниқса, маҳаллаларимиздан оқиб ўтадиган каналлар, ариғу анҳорларга чиқиндиларни атайлаб оқизилаётгани жуда ачинарлидир. Ҳатто баъзи инсонлар эса, ҳаммомдан чиқадиган сувларни ҳам ариқларга тўғирлаб қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу қайси одобга тўғри келади?! Ваҳоланки, Ислом ер юзини ҳар қандай нопокликдан тозалашга буюрмаганми?! Ахир бундай ишлар лаънат келтириши ва охиратда инсоннинг юзи қора бўлишига сабаб бўлиши ҳадиси шарифда очиқ, равшан баён қилинган.
Мана Ислом одоби қандай бўлиши керак! Динимиз нафақат ўзингиз учун, балки, жамият учун, инсонлар учун ҳам ўзингизни покиза, чиройли, хушбўй тутишни талаб этади.
Демак, Ислом динида кўрсатилган поклик одобларига амал қилиш билан биринчи навбатда ўзимизнинг саломатлигимизни, қолаверса, атрофимиздаги инсонлар соғлигини муҳофаза қилган бўламиз. Жамиятни ҳар ҳил зарарли бактериялардан тозалаб, экологик жиҳатдан мусаффо шароит яратилишига ҳисса қўшган бўламиз.
Бинобарин, шу кунларда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа замирида ҳам айнан ободонлаштириш, кўкаламлаштириш билан бир қаторда атроф муҳит муҳофазаси, озодаликка эътибор қаратиш асосий мақсад этиб белгиланган. Мана шундай хайрли мақсадлар йўлида биз мусулмонлар ҳам биргаликда ҳаракат қилиб, ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Зеро, ер юзини обод қилиш, яхшилик ва хайрли амалларда бир-биримизга ёрдамчи бўлишимиз лозимлиги ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифларда очиқ ойдин баён қилинган. Инсон қаерда яшамасин, у қишлоқ бўладими, шаҳар бўладими, истиқомат қилиб турган жойларини обод қилиш ҳаракатида бўлиши лозим!
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи севган бандаларидан қилиб, танамиз ва руҳиятмиз пок бўлмоғини насиб айласин!
Абдулазизхон Бобамирзаев