Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган -Қомусномадир
Хар бир давлатнинг бошкарув тизими тарихан маълум бир хуқуқий манбаларга биноан шаклланиб келган. Лекин бу хуқуқий манбалар турли кўриниш ва турли иборалар билан номланиб келинган. Хозирги Ўзбекистонимизнинг ҳам худудида илгаридан конституциявий хужжатлар, яъни сийсий тузум мохиятини белгиловчи асосий меъёрий хужжатлар мавжуд бўлган. Жумладан: тарихий манбаларга кўра, Мовароуннаҳрда ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи Асосий қонун тарикасида Қуръони Карим амалда бўлган. Моваруннаҳрда шариат билан бир қаторда давлатнинг хуқуқий ахволига маълум даражада таъсир кўрсатиб келган Амир Темур тузуклари Шарқона маданиятга биноан конституциявий хужжатлар эди.
Қанча асрлар йиллардан сўнг биз ўз ўрнимизни эгаллашга эришдик. Мустақиллик шарофати туфайли 1992-йил 8-декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Эркинлик ва озодликни, мустақиллик ва ҳурликни тантанали тарзда ўзида намоён этувчи бу муқаддас ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган қутлуғ санани халқимиз умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб кел-моқда. Мустақиллик Конституцияси жаҳоннинг сиёсий харитасида янги суверен давлат — Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганлигини қонуний тасдиқлаб бердик
Асосий Қонунимиз давлат мустақиллигини мустаҳкамлаб, инсон ҳуқуқи ва эркининг ҳуқуқий кафолати сифатида муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Буни шу азиз Ватаннинг ҳар бир фарзанди юракдан ҳис этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — давлатнинг Асосий қонуни бўлиб, истиқбол сари интилишимизга куч бахшида этувчи ҳужжатдир. У ижтимоий ва давлат ҳаётининг ҳуқуқий асосидир.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси озод ва суверен давлатнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга жамиятимизнинг ҳуқуқий тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Конституцияга биноан ўзбек халқининг йўли битта — Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш, мустақилликни мустаҳкамлаб мамлакат равнақини такоминлашдир. Ўзбекистон Конституциясининг ўзига хос мазмуни шундан иборатки, у ўзбек халқининг тарихий ва миллий қадриятларини инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам этади.
Ўзбекистон янги Конституциясини яратиш ғояси 1990-йил 20-июнда Мустақиллик Декларацияси қабул қилиниши билан бевосита боғлиқдир. Конституцияни яратиш зарурати ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Бунинг албатта ўз сабаблари бор эди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши асосий сабаблари: ўзбек халқининг озодлик, эрк ва мустақиллик йўлидаги интилиши; халқнинг бутун бор имконияти ва салоҳиятини ишга солиш, жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш; иқтисодий ва сиёсий муносабатларни демократлаштириш, суверен давлатнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, ҳуқуқий нигилизм ва ўзбошимчаликнинг олдини олиш, ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаш зарурияти ва бошқа омиллар ташкил этади.
Конституция — халқнинг, миллатнинг юз-кўзи, унинг обрў-эътибори ва нуфузи тимсолига айланди. Шу маонода Конституция ўзбек халқи иродаси, эрки, руҳияти, ижтимоий-сиёсий тафаккури ва маданияти маҳсулидир. Чунки Конституция лойиҳаси устида икки йил давомида ишланиб, у умумхалқ муҳокамасидан ўтди. Умумхалқ муҳокамаси давомида жами 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Халқнинг фикрлари асосида Конституция лойиҳаси янада бойитилиб сайқал топди.
Конституция халқимизга хос бўлган хусусиятлар: меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ, одамийлик, ўзга миллатларга ҳурмат, ақл-заковатга интилиш, иймон ва эътиқод, орномус, иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатларга асосланади.
Конституцияда яна бир муҳим хусусият ўз ифодасини топган. Бу давлатчилигимизнинг тарихан таркиб топган илғор тажрибаларидан фойдаланилганлигидир, Тарихдан маълумки, биз яшаётган Ватанимиз ҳудудида қонун устуворлиги таъминланиши асосида озодлик ва мустақиллик мустаҳкамланган буюк салтанатлар ҳукм сурган даврлар бўлган. Хусусан, Амир Темур даврини алоҳида таъкидлаш лозим. «Темур тузуклари шу даврииинг ёрқин «Конституция»си бўлиб, жамиятда устувор равишда амалда бўлган. Ана шу тажрибалардан, Навоийнинг адолатли жамият тўғрисиднги таълимотлари ҳамда бошқа буюк алломалар ҳуқуқий меросидан фойдаланилганлиги Конституциянинг мазмунини янада бойитган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси якка ҳукмронликка даъво қилувчи мафкурадан, зўрлаб тиқиштирилган сиёсатбозликдан, сиёсатлашувдан, баландпарвоз шиорлардан, синфийликдан ва партиявийликдан холидир. Шунинг учун ҳам Мустақиллик Конституцияси Шўро даврида қабул қилинган сиёсий манифест шаклидаги Конституциялардан ҳаётийлиги ва амал қилувчи хусусияти билан чинакам юридик хужжат сифатида мазмунан ажралиб туради.
Ўзбекистон Конституцияси 128 моддадан иборат бўлиб, 26 бобни бирлаштирувчи 6 бўлимни ўз ичига олади. Ўзбекистон Конституцияси тузилиши мазмуни — фуқаролар ўртасида тотувлик, миллий ва ижтимоий ҳамжиҳатлик, шахс эркинлиги ва сайлов эркинлиги, сиёсий барқарорлик, фаровонлик ва иқтисодий ўсишни таоминлаш, давлатнинг инсон ва фуқаролар олдидаги ўз бурчини бажаришга эришишга йўналтирилган. Шу билан бир қаторда, Асосий Қонунимиз мазмунида тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби умуминсоний ғоялар ҳам мужассамдир.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги олий қадрият ҳисобланади. Шу билан Конституцияда инсон энг мўтабар мавқега кўтарилади. Агарда Конституцияга эътибор билан қарасангиз биринчи бўлимдан сўнг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бошланади. Конституциянинг 2-бўлими инсон ҳуқуқларининг тўлиқ ва ихчам тизимидир. Ундан кейинги 3-бўлим жаҳондаги бирорта конституцияда йўқ. Мазкур бўлимнинг асосий мақсади: фуқаролик жамияти анъаналарини шакллантириш, жамоат бирлашмалари ва ижтимоий муносабатларнинг соғлом равнақини таъминлашдир. Бундан кейинги бўлимларда давлат тузилиши ва давлат органларига оид қоидалар баён этилади. Демак, Конституция «Инсон — жамият — давлат» йўналишида тузилган бўлиб, унда инсон манфаати биринчи ўринга қўйилган.
Асосий Қонунимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг устувор йўналишдаги ҳужжатлари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, халқаро ҳуқуқнинг меъёр ва тамойиллари ҳисобга олинган. Шу билан бирга АҚШ, ГДР, Франсия, Швеция, Испания, Португалия, Италия, Болгария, Венгрия, Туркия, Эрон, Япония, Миср, Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг халқаро ҳуқуқ талабларини акс эттирувчи конституциявий тажрибаларини ўзида жамлаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бош ва устувор тамойиллари: барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, бирон бир миллатга дахлдорлиги, диний эътиқоди ва мазҳабидан қатъий назар, жамиятда шахс устунлиги ва ижтимоий адолат барқарорлигини таъминлаш; миллий озчиликни ташкил этувчи аҳоли қатламларига этибор билан қараш, уларнинг тили халқ аноаналари ва урф-одатларини ҳурмат қилиш; уларнинг ўзига хослиги ва тараққиётини сақлашга зарурий шарт-шароитлар яратиш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Насритдинов Ривожиддин
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат
бўлими бошлиғи