Такфир нима?
Ислом оламида аянчли оқибатларга сабаб бўлаётган, жаҳолат туфайли фитналарга замин яратаётган “такфир” тушунчасини мазмун-моҳиятини тўхталсак, “Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас! Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир (Нисо сураси 93-оят).
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ