Яратилиш санаси 12.12.2022

ОЯТЛАРГА ЎЗИМИЗЧА МАЪНО БЕРМАЙЛИК

Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Фиқҳ ал-акбар” китобига ёзилган Али ал-Қори томонидан ёзилан “Минаҳ ар-равз ал-азҳар” да “Салафларимизнинг бу масаладаги йўллари энг ишончли, энг мустаҳкам, энг хайрлидир”, деган ибора бор. Бу айнан  الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى  (“Тоҳа” сураси, 5-оят) яъни, “Роҳман аршга истиво қилди”, оятидаги “истиво” сўзига қандай маъно беришда қайси йўлни тутишимиз кераклиги борасидаги қимматбаҳо тавсиядир. Баъзи илмсиз кимсалар ушбу оятдан Аллоҳ таоло аршда макон тутган деган нотўғри талқинни юзага келтирмоқдалар. Ҳолбуки, бундай талқин бир қанча ботил қарашларни юзага келтиради:

  1. Аллоҳ таоло маконда ўрнашган деган талқин.
  2.  Аллоҳ таолода ўзгариш мавжуд деган талқин.
  3.  Аллоҳ таоло қамраб олинган деган талқин.
  4.  Аллоҳ таоло чегараланган деган талқин.
  5.  Аллоҳ таоло бошқа нарсаларга ўхшайди деган талқин.

 

Ушбу ботил талқинлар кейин пайдо бўлганлик, мухтожлик, нуқсонли бўлиш белгиларидан бўлиб, жисмга тааллуқли сифатлардир. Аллоҳ таоло буларнинг барчасидан пок ва олийдир. Бунинг далили لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ яъни, “У зотга бирор нарса ўхшаш эмас”. (Шуро сураси, 11-оят) 

Зеро, оятлар маънога очиқ далолат қилиш даражаси жиҳатидан зоҳир, насс, муфассар ва муҳкамга бўлинади. Булар ичида маънога энг очиқ ва равшан далолат қиладигани муҳкам оятлардир.

Шунингдек, оятлар маънога ёпиқроқ далолат қилиш даражаси жиҳатидан ҳам хафий, мушкил, мужмал ва муташобиҳга бўлинади. Булар ичида маънога энг ёпиқроқ далолат қиладигани муташобиҳ оятлардир. Юқоридаги “Тоҳа” сурасидаги оят муташобиҳ, “Шуро” сурасидаги оят эса муҳкамдир. Шундай экан, биз муҳкам оятларга зид келадиган маънони муташобиҳ оятдан чиқаришимиз жоиз эмас. Балки, маъноси очиқ бўлмаган муташобиҳ оятнинг маъносини Аллоҳ таолога топширишимиз энг тўғри ва саломатли йўлдир. Зеро, бу биздан кўра минг чандон илмга эга бўлган алломаларимизнинг йўлидир.  

Раҳматуллаев Одилжон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси