СОХТА САЛАФИЙЛАРГА ЭРГАШИБ ҚОЛМАНГ!
Кейинги йилларда диёримизда пайдо бўлган турли оқимларга мансуб кишилар ўзларича ҳар турли юртлардаги йўлларга интилдилар, аммо инсоф юзасидан ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган ҳидоят йўли ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадилар.
Дарҳақиқат, далил ва ҳужжатлар асосида яхшилаб тафаккур қилган инсон ўтмишдаги аждодларимиздан бери давом этиб келаётган аҳли сунна вал жамоа йўли, хусусан ҳанфий мазҳабининг ҳар бир аҳкомлари Қурони карим ва ҳадиси шарифлар билан, ўтган салафи солиҳинларнинг йўллари билан пайваста эканлигига шубҳа қилмайди.
Кимдир ўзича ҳадис ёки Қуръондан далил келтирса шошқалоқлик қилиб ота-боболаримиз залолатда бўлган экан деб ўйлаганлар хато қилдилар. Чунки ота-боболаримиз ҳам ўшалар келтирган далилни яхши билишган, шу билан бирга улар билмаган бошқа далилларни ҳам синчиклаб ўрганишиб, бизларга тайёр дастурул амални қолдириб кетганлар. Ким шу йўлдан оғишмай юрса, иншоаллоҳ ҳидоятда бўлгай.
Ана шундай оқимларнинг яна бири “Салафий” оқими ҳақида ҳам ёшларимизни огоҳлантириб қўймоқчимиз.
“Салаф” сўзи арабчада “аввалгилар, олдин ўтганлар” маъноларини билдиради. Араб тилининг изоҳли луғатларида “салафий” сўзи Қуръон ва Суннатга асл манбалар сифатида таянувчилирни билдиради. Кўпчилик уламоларимиз таърифларига кўра пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги уч авлод “салафи солиҳинлар” (яъни яхшиликда ўтганлар) дейилади. Мусулмон оммаси уларни доимо ҳурмат ва эҳтиром қилганлар.
Аммо кейинги даврларда ўзларини “салафий” номи билан атаб чиққан кимсалар эса мутлақо бошқа гуруҳлар эрур. Улар Қуръон ва суннатда қандай келса тўғридан-тўғри амал қилишни даъво қиладилар. Уламолар уларни “мазҳабсизлар” деб атаганлар. Суриялик машҳур олим шайх Рамазон Бутий “Мазҳабсизлик дўзах устига кўприк қўйиб ўтиш билан баробар” деганлар. Чунки Қуръон ва суннатда қандай келса тўғридан-тўғри амал қилишлик кўплаб хатолик ва ихтилофларни келтириб чиқаради.
Улар айтади: «Аллоҳ бизни бировнинг фикрига эргашиб ибодат қилишга буюрмаган. Шунинг учун, мазҳаб имомига эргашишимиз шарт эмас».
Бу даъволари Қуръон оятларига зиддир. Чунки Аллоҳ таоло билмаган нарсаларимизни олимлардан сўраб, унга амал қилишга буюриб, шундай деган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
Яъни: «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг». (Наҳл, 43).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизларни олимлардан сўрашга ва улар айтган кўрсатмага амал қилишга буюрмоқда.
Абдураҳмонов Муҳаммадхон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси