БАРАКА ЁШИ УЛУҒЛАР БИЛАН БИРГАДИР
Хазрати Ибн Аббос розияллоху анхудан Ҳаким ат-Термизий нақл қилган қуйидаги ҳадиси шариф бизларга ибратдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга берган тавсияларида: "Ҳар қандай ишни ёши улуғларингиз билан бошланглар", дейдилар. (Ҳаким ат-Термизий, "Наводирул-усул”).
Инсон хоҳ овқат еганида, хоҳ бошқа бир ишни бошлаганида аввал катталар бошлаши керак. Масалан, овкатни аввал катталар бисмиллаҳ билан бошлар, сўнгра кичиклар бисмиллаҳ билан давом этадилар.
Бирорта янги дўкон очаётганда катталарни чақириб маслаҳатлашинг, уларни дуоларини олинг. Бир жойга кетаётганда, масалан, Ҳажга кетаётганда катталарнинг ҳимоясида кетинг. Уйланаётганингизда, уй кураётганингизда ва ҳамма ишларингизда катталарни эсдан чиқарманг.
Зеро, “Барака, ёши улуғларингиз билан биргаликда қилинган ишлардадир”. Хоҳ ёш жиҳатидан, хоҳ илм ва мартаба жиҳатидан катта бўлсин, улуғларнинг ўрни бебаҳодир. Шунинг учун бизнинг одатларимиздан бири шуки, қуриладиган ҳар янги бинонинг тамали қазилаётганда ёши улуғлар таклиф қилинади, аввал улар тамалга тупроқ ташлайдилар, сўнгра ёшлар давом этадилар.
Бирор иш маскани очилишида яна улуғларимиз воситаси билан очилади, бу жудаям яхши. Улуғларни ҳисобга олмаслик ҳам уларга нисбатан ҳурматсизлик ҳамда баракасизликка сабаб бўлади. Бордию уларни ҳурмат қилиб, фикрларини ҳисобга олса, инсон ғурурини енгган бўлади ҳамда катталарнинг тажрибаларидан фойдаланган бўлади. Уларнинг тажрибаларини менсимаслик ўрнига улардан фойдаланиш энг тўғри қарордир.
Ортиқов Абубакр
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси