Яратилиш санаси 14.01.2023

ВАТАН ҲИМОЯСИ БУЮК ШАРАФ

Хар бир мўмин-мусулмон киши ўз ватанининг ҳимояси учун жон фидо қилмоқликни буюк шараф ва муқаддас бурч деб қабул қилади. Бу йўлдаги хизматини моддий манфаатлар ёки мансаб ва мартабалар учун эмас, балки инсонийлик бурчи ҳамда Яратган ризолиги учун амалга оширади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида, яъни: «Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди», дея марҳамат қилганлар. Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши шаҳидлик мақомига етиши ҳақида башоратлар мавжуд.  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу  ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз? деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб):яъни: “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман” дедилар”. 
 Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу – инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишидир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. 
Бунинг учун фарзандларимизни уларнинг ёшлигидан Ватанга муҳаббатли, дину-диёнатдан хабардор, илму маърифатли, касбу ҳунарли, жисмонан ва маънан баркамол қилиб тарбия бермоғимиз зарурдир. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эдилар: «Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган».
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашганлар. 
Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармайди. Юрт мустақиллиги ва халқ озодлиги йўлида азиз жонини, муборак қонини фидо қилган ватанпарвар, халқпарвар инсонларнинг муҳаббати нақадар улуғ, имонлари қанчалик мустаҳкам экани яна бир бор кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Аллоҳ таоло мустақил Юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва ҳалқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин. 

Аброрхўжа Рашидов

билим юрти ходими