Тасаввуф ва сохта тариқатчилар
Юртимизда дин эркинлиги яратилган бугунги кундаги баъзи ўзларини тасаввуф ва тариқатга мансуб деб биладиган кишиларнинг хатти-ҳаракатлари, айтаётган сўзлари кўпчиликни ажаблантирмоқда. Уларни оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилишлари хар ҳил нотўғри фатво ва қарашлари муқаддас динимизга доғ бўлиб тушмоқда.
Тариқат, тасаввуф аслида руҳий-маънавий покланишга даъват этадиган инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи таълимотдир. Унинг намоёндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Саодат асри ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ҳам Ақоид, Фиқҳ, ислом тарихи ва бошқа диний илмлар қатори Тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиқмаган эди.
Ўша даврдаги мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида барча нарсада у зотнинг ўзига эргашар эдилар.
Кейинчалик эса саҳобалар ўзлари Қуръон ва суннатдан керакли ҳукм ва хулосаларни чиқариб олиб юрдилар. Ўша пайтда руҳий камолотга, зикр ва зоҳидликка мойил зотлар ўзлари учун керакли оят ва ҳадислардан далил топиб мазкур ишларни ўз ҳаётларига тадбиқ қилдилар.
Бу борада саҳобаи киромлар ичида тўрт рошид ҳалифа, Абу Зарр ал-Ғифорий , Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Дардо, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Салмон Форсий, Асҳоби суффа розиёллоҳу анҳумлар ва бошқалар кўзга кўринган эдилар.
Тобеинлар авлоди эса бошқа барча илмлар қатори руҳий тарбия ва нафсни жиловлаш илмини ҳам саҳобалардан қабул қилиб олдилар. Улар орасидан тасаввуф йўналишини белгилашда ва унинг исм сифатида шаклланишида катта ҳисса қўшган зотлар етишиб чиқди.
Булардан Увайс ал-Қароний, Ҳасан ал-Басрий, Саъид ибн Мусаййиб, Жаъфар Содиқ, ва бошқаларни барча эътироф этиб зикр қиладилар. Уларнинг тутган тасаввуфи энг тўғри тасаввуф эканига хеч ким хилоф қила олмаган. Тасаввуф тобеинлар даврида илм сифатида шаклланиб, хижрий V-VI-асрларда ўзининг авж палласига чиқди. Исломнинг кенг тарқалишида ҳам тасаввуфнинг ўрни беқиёс. Ҳусусан юртимиздан етишиб чиқган тасаввуф намоёндалари ва тариқат асосчилари ислом динини кенг ёйишда буюк хизматлар қилганлар. Ўрта Осиё халқларининг бой, маданий меросини ҳам тасаввуф тариқатларисиз тўлиқ тасаввур этиб бўлмайди. Ўтган асрларда яшаган ва ижод этган кўпгина олимлар, ёзувчилар, хатто йирик давлат ва жамоат арбоблари ҳам тасаввуфнинг турли тариқатларига мансуб бўлганлар. Бу ўша даврларда ҳам тасаввуфнинг таъсир кучли бўлганидан далолат беради.
Биз бугунги кунда тасаввуф борасида содир этилаётган хатоларни тан олган холда ундан тегишли хулоса чиқариб, уларни тезда тўғирлаб олмоғлигимиз керак бўлади акс холда, мўмин мусулмонларнинг маънавияти ва бирдамлиги учун улкан хизматлар қилган тасаввуфнинг шаънига доғ тушириб қўйишимиз хеч гап эмас.
Хозирги вақтда ўзини тасаввуфга мансубман деб ҳисоблайдиган айрим кимсалар “Тариқат хақийқатдир, шариатни ўрганиш шарт эмас” десалар баъзилари шариат илмлари ва бошқа илмлар билан машғул бўлганларни адашиб юрганлар деб атаб, уларга паст назар билан қарашади. Вахолангки Абу Ҳомид Ғаззолий (р.а) ҳақийқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини шундай баён қилганлар: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида туриши шартдир. Чунки шариатнинг барча қоидаларини эгалламaсдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”.
Абу Язид Бистомий (р.а) “Агар бир кишига кароматлар берилиб, хаттоки у осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то унинг aмр (Аллоҳнинг буйруғи) ва наҳийни (Аллоҳнинг қайтариғи) маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча ундай кимсага алданиб қолманг” деганлар. Уламолар бу зотни шариатда имом, тариқатда қаҳрамон, суннатда тобеъ ва ҳимматда нодир деб васф қиладилар.
Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳауддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Имоми Раббоний каби улуғ тасаввуф пешволари доимо илм эгаллашга даъват қилиб, китоблар ёзганлар.
Ривожиддин Насритдинов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар
бўйича мудир ўринбосари