Халол луқма
Аллоҳ таоло бандаларга бу дунёни имтиҳон майдони қилиб, ҳалол ва ҳаром нарсаларни яратиб қўйди. Парвардигорнинг раҳмати кенг бўлганлиги учун ҳаром нарсаларни жуда оз яратди. Шунинг учун Ўзининг китобида уларни ҳаммасини зикр қилиб, уларга яқинлашмасликни ҳам огоҳлантириб қўйди. Ҳаром нарсаларнинг бадалига инсон учун ўнлаб ҳалол нарсаларни таклиф қилди. Шунинг учун бизлар, муҳтарам жамоат, берилган ақл неъматини ишлатиб, бу дунёдаги ҳалол билан ҳаром ризқнинг фарқига бориб, покиза хўрокдан тановвул қилайлик. Худои таборак ва таоло Ўзининг китобида марҳамат қилиб айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُلُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُواْ لِلّهِ إِن كُنتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза (ҳалол) нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”[1]
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ، أَنّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ:طَلَبُ الْحَلالِ فَرِيضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيضَةِ.
“Ҳалол ризқни талаб қилишлик фарз амалларидан кейин турувчи фарздир”.
Дарҳақиқат, азизлар, ҳар бир банда мўмин ҳаётгузаронлик қилиши учун Аллоҳ таоло яратган ҳалол нарсаларни яхшилаб билиши, касбидаги, ишидаги муомалаларда, олди-бердиларда, қайси ҳолатлари ҳалолу қайсиниси ҳаром эканлигини ўрганиб билиши фарз.
Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом ва Закариё алайҳиссалом дурадгорлик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Иброҳим алайҳиссалом баззоз бўлганлар, яъни газлама савдогари, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Шуайб алайҳиссалом чўпонлик, Сулаймон алайҳиссалом сават тўқиганлар, Ийсо алайҳиссалом табиблик, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам тижорат қилганлар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Кимики, 40 кун ҳалол таомларни тановул қилиб, 40 кун намозини жамоат билан ўқиса ва гуноҳлардан парҳез қилса, Аллоҳ таоло қалбида хотиржамлик нозил қилиб, тилига ҳикматни жорий қилиб қўяди”.
[1] Бақара 172
Султонмаҳмудов Абдулмажид
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси