Яратилиш санаси 27.01.2023

ТЕРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМ ЗАРАРЛАРИ

Маълумки, бузғунчи ғояларга асосланган халқаро терроризм ва экстремизм, унинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамиятининг ўтмишида ҳам, бугунида ҳам бутун-бутун халқлар бошига оғир кулфатлар ёғдирган. Ҳар йили унинг тажовузидан 100 мингдан ортиқ бегуноҳ кишилар қурбон бўлмоқда, жамият ривожланиши, айрим давлатлар, минтақалар ва инсоният цивилизациясининг тараққиётига жиддий таҳдид солмоқда ва мудҳиш оқибатлар келтириб чиқармоқда.

“Экстремизм” тушунчаси муқаддас динимизнинг илоҳий китоби Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссалломнинг ҳадисларида келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби маънони англатиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қораланган ва мусулмонлар бундай амаллардан қайтарилган. 

Қуръони Каримда ғулув лафзи бир неча ўринларда зикр қилинган бўлиб, мўмин-мусулмонларга мана шундай туғён, ҳаддидан ошишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Бас, (эй, Муҳаммад) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир” (Ҳуд сураси, 112-ояти). Ислом дини тавҳид дини, якка худолик дини ҳисобланади. Исломда якка-ю ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган бўлиб, динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошиш, туғёндан қайтарилган. Бунинг асл сабаби эса ғулув ва ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. 

Бугун биз катталар, ота-оналарнинг асосий вазифамиз ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродасини бақувват қилиш, уларни ўзининг мустақил фикрига эга бўлган баркамол инсонлар этиб тарбиялаш. Уларнинг тафаккурида ўзлигини унутмаслик, ота-боболарнинг муқаддас қадриятларини асраб-авайлаш ва хурмат қилиш фазилатини қарор топтиришди.

Абдулазиз Бобамирзаев