Жалолиддин Маҳаллийнинг ижодлари
Уламолар ўртасида мақбул ва машҳур бўлган "Тафсирул Жалолайн" китоблари икки улуғ муфассир имом: Жалолиддин Ал-Махаллий ва Жалолиддин Ас-Суютий каламларига мансубдир. Жалолиддин Ас-Суютий ва у кишининг "Ад-дуррул мансур" номли тафсири хақида аввалги мавзуларнинг бирида батафсил айтиб ўтилди.
Мазкур тафсирни аввал Жалолиддин Ал-Махаллий "Ал-Каҳф" сурасидан бошлаб, "Ан-Нос" сурасигача етказганлар. Кейин "Ал-Фотиха" сурасидан бошлаб, уни тафсир қилганлар, қолганини охиригача етказа олмасдан оламдан ўтганлар. Орадан ярим аср ўтиб, улуғ олим Жалолиддин Ас-Суютий "Ал-Бақара" сурасидан "Ал-Исро" сурасигача тафсир қилиб, Жалолиддин Ал-Маҳаллийнинг тафсирларини ниҳоясига етказганлар. Жалолиддин Суютий "Ал-Фотиҳа" сурасини Ал-Маҳаллий тафсир қилганларига ишора сифатида китобнинг охирига мулҳақ қилган. Аммо "Кашфуз-зунун" сохиби аксинча таъриф беради: "Тафсирул-Жалолайн"нинг аввалидан то "Ал-Исро" сурасигача аллома Жалолиддин Ал-Маҳаллий қаламига мансуб. Унинг вафотидан сўнг Жалолиддин Абдуррахмон Ас-Суютий тафсирни ниҳоясига етказганлар. "Ал-Фотиҳа" сурасини хам Ал-Маҳаллий эмас, Ас-Суютий тафсир қилган. Бу фикрда "Кашфуз-зунун" соҳиби хато қилган деган эхтимол бор. Чунки, Ас-Суютий тафсирнинг муқаддимасида, "Ал-Бақара" сураси ҳақида гапиришдан аввал шундай дейдилар: "Улуғ имом Жалолиддин Ал-Маҳаллий хазратлари ёзган Қуръони Каримнинг тафсиридан колиб кетган жойини тўлдириб қўйишга роғибларнинг эхтиёжи мени мажбур этди". Тафсирул Жалолайн" китобини Ал-Маҳаллий ўзига ҳос қисқа ва аниқ иборалар билан тафсир қилган. Ас-Суютий хам ана шу андозадан чиқмаган холларида, тафсирни комил қилганлар. Муаллиф "Ал-Исро" сурасининг якунида таъкидлашича, тафсирни Мусо (а.с.) Аллох билан ваъдалашган муддат - қирқ кунда ёзиб тугатган.
"Тафсирул Жалолайн"ни бошидан охиригача ўқиб чиққан киши Жалолиддин Суютийнинг ва Жалолиддин Ал-Маҳаллийнинг махоратларига қойил қолмасдан иложиси йўқ. Чунки, икки Жалолиддиннинг ёзган тафсири хамма кўринишда бир хил бўлиб, битта олим ёзганга ўхшайди. Масалан: Жалолиддин Ал-Маҳаллий "Сод" сурасида Рухнинг латиф жисм эканлигини, у билангина инсон ҳаёт бўлишини тафсир қилган. Жалолиддин Суютий хам "Ал-Хижр" сурасида шу гапни такрорлаш билан бирга "Ал-Исро" сурасининг 85-ояти
وَ يَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي
"Эй Муҳаммад, Сиздан руҳ хақида сўрайдилар. Айтинг: "Рух факат Раббимнинг ишидандир". Сизларга эса оз илм берилгандир" (Ал-Исро, 85) ни далил сифатида келтириб, Рух ҳақиқатан Аллоҳнинг илмига хос нарса, уни таъриф этишдан сақланиш авло эканлигини айтадилар.
Жалолиддин Ал-Маҳаллий "Ал-Ҳаж" сурасида: "Собиийлар (Фаришталарга сиғинувчилар) яхудийларнинг бир фирқасидир", дейди. Жалолиддин Суютий хам "Ал-Бақара" сурасида шу гапни такрорлаб, унга қўшимча тарзда: "Насронийларнинг хам",- деган сўзни қўшадилар ва унинг кўшимчаси баён ўрнида ўтади. "Тафсирул Жалолайн"нинг ибораси шундай қисқаки ва енгилки, бу хақда "Кашфуз-зунун"да шундай дейилади: "Яманлик баъзи олимлар Қуръон Карим харфлари билан Жалолайн тафсирининг харфларини солиштириб санаб чиққанлар. "Ал-Муззаммил" сурасигача Қуръон Карим харфлари билан тафсир харфлари тенгма-тенг келган ва "Ал-Муддассир" сурасидан бошлаб тафсирнинг харфлари бироз кўпайтирилган. Ушбу тафсир шунчалик қисқа бўлишига қарамасдан, жуда кенг тарқалган тафсирлардан биридир.
Жалолиддин Маҳаллийнинг таъвил қилган китоблари –
- “Шарҳу жамъул жавомиъи фил усул”
- “Шарҳу бардатул мадиҳ”
- “Шарҳул минхаж фил фиқҳ”
- “Маносикил хаж”
- “Тафсири Жалолайн”
- “Хуснул мухозара”
- “Хатотун муборак”
Уламолар: “Каҳфни аввалидан Қуръонни охиригача, фотиҳа сураси билан тафиср қилдим. Уни Жалолиддин Суютий Бақаранинг аввалидан Исронинг охиригача комил қилди” дейишган. Алоҳ таоло ҳаммаларини қилган бу дин ишларини охиратга захира айлаган бўлсин. Аллоҳ уларнинг ҳаммаларидан ўзи рози бўлсин! ОМИН!
Абдураҳмонов Муҳаммаджон
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси