Яратилиш санаси 13.02.2023

Тафсир илми...

Тафсир сўзи араб тилида “фассарo” сўзидан олинган бўлиб, “фассарo” баён қилиш, ёритиш, очиш, шарҳлаш, тафсир эса, ёпиқ нарсани очиш, мушкул лафз мақсадини ёритиш каби маъноларни беради. Шундан келиб чиқиб, муфассир сўзи Қуръон оятларини шарҳловчи мазмунини ифода этади.

Тафсир илми ҳақида Имом аз-Заркаший:

"هو العلم الذى يفهم به كتاب الله المنزل على نبيه محمد صلى الله عليه و سلم و بيان معانيه و استخراج أحكامه و حكمه"

«Тафсир шундай илмки, у билан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил бўлган Аллоҳ китоби тушунилади, маънолари баён этилади ва ундан ҳукм ва ҳикматлар олинади». Шубҳа йўқки, инсон ушбу нарсаларни ўз билими, тоқати, фаҳми доирасида тушунади.

Демак "Тафсир" — Қуръони Карим оятларидан Аллоҳ таоло нимани ирода қилганини инсоний нуқтаи назардан ўрганиш, оятларнинг нозил бўлиши, унинг сабаблари, ундаги қиссалар, Маккада нозил бўлган оятлар билан Мадинада нозил бўлган оятларнинг тартиби, маъноси аниқ ва муташобеҳ (таъвилга муҳтож)лиги, носих (ҳукмни бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми бекор қилинган)лиги, хусусийлиги ва умумийлиги, мутлақи ва муқайяди, мужмали ва муфассали, ҳалол ва ҳаром ҳақидаги, ваъда ва ваъид, амр ва наҳий ҳамда ибратли оятларни ўрганиб, Қуръони карим оятларидан Аллоҳнинг муродини инсон ўз ақли даражасида тушуниб, бошқаларга ҳам тушунтириб бера олишига айтилади.

Абдураҳмонов Муҳаммаджон

Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси