Тафсир илмининг ривожи
Тафсир илми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларидаёқ ривожланган эди. Саҳобалар Қур’оннинг ба’зи бир нозик жиҳатларини тушунмай қолганларида Расулуллоҳдан сўраб билиб олар эдилар. Саҳобалар Қур’они каримни тафсир қилишда қуйидаги нарсаларга суянишар эди:
1. Қур’они каримнинг ўзига. Чунки Қур’они каримда бир жойда умумий келган ма’но бошқа жойда муфассал қилиб келтирилган ёки бир жойда умум ёки мутлақ бўлиб келган оят бошқа жойда хосланиб ёки боғланиб келтирилган. Бу нарса Қур’онни Қур’он билан тафсир қилиш дейилади. Масалан: Моида сурасида Аллоҳ таоло:
أُحِلَّتْ لَكُمْ بَهِيمَةُ الْأَنْعَامِ إِلَّا مَا يُتْلَى عَلَيْكُم
“...Сизларга уй ҳайвонларининг гўшти ҳалол қилинди. Лекин энди тиловат қилинадиганлари эса ҳаром қилинди...” ,[ Моида сураси 1-оят ] деб кейин шу суранинг 3-оятидан ўша гапни тафсир қилиб:
حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ
“Сизларга ўлимтик .... лар ҳаром қилинди...” [ Моида сураси 3-оят ]деди.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қур’онни баён қилувчи эдилар. Саҳобалар Қур’ондан тушунмаган ҳар бир ўринларини Росулуллоҳдан сўрардилар. Масалан: Ибни Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:
الَّذِينَ آمَنُوا وَلَمْ يَلْبِسُوا إِيمَانَهُمْ بِظُلْمٍ أُولَئِكَ لَهُمُ الْأَمْنُ وَهُمْ مُهْتَدُونَ (۸۲)
“Шундай кишиларики, иймон келтириб, иймонларига зулмни аралаштирмаса....” ( Ан’ом сураси 82-оят ) деган оят туширилганда бу нарсани тушуниш одамларга қийин бўлди. Шунинг учун: “Ё Росулуллоҳ қайсимиз ўзимизга зулм қилмаган бўламиз” деб сўрашди. Шунда Росулуллоҳ дедилар: “Бу ердаги зулм сизлар ўйлаган зулм эмас, Қур’онда солиҳ банданинг айтган гапини эшитмаганмисизлар-ки, у:
إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ (۱۳)
“...Албатта ширк катта зулмдир...” [ Луқмон сураси 13-оят] деган. Демак, бу ердаги зулмдан мурод ширкдир”, дедилар.
3. Ўзларининг фаҳм ва ижтиҳодларига. Саҳобалар Қур’онни тафсир қилишда аввал Қур’оннинг ўзига, сўнг Росулуллоҳнинг ҳадисларига, ундан кейин эса ўзларининг фаҳм ва ижтиҳодларига суянишар эди. Чунки улар соф араблар эдилар ва Қур’ондаги балоғат ва фасоҳатни яхши тушунишар эди. Саҳобалардан бир қанчалари муфассирликда машҳур бўлишган. Улардан: Тўрт халифа, Ибн Мас’уд, Ибни Аббос, Убай ибн Ка’б, Зайд ибн Собит, Абу Мусо ал-Аш’арий, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Оиша розияллоҳу анҳумлардир. Бу кишилар ба’зилари кўп ба’зилари оз тафсир қилганликлари ривоят қилинган. Саҳобалардан кейин тобе’инлардан ҳам машҳур муфассирлар чиқишган. Улардан: Саид ибн Жубайр, Мужоҳид, Акрима, Товус ибн Кайсон ал-Ямоний, Ато ибн Аби Рабоҳ, Зайд ибн Аслам, Абул Олия, Муҳаммад ибн Ка’б ал-Қурозий, Алқама ибн Қайс, Масруқ ал-Асвад ибн Язид, Мурратул Ҳамадоний, Омир аш-Ша’бий, Ҳасан ал-Басрий, Қатода ибн Да’ама ас-Судусий.
Аширбоев Дувлотир
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси