Яратилиш санаси 20.02.2023

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни ҳаммасини изоҳлаб берганларми?

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Қуръони каримни баён қилиб беришларининг далил эканлиги оятларда, саҳобаларнинг сўзларида ўз исботини топган. Лекин баён қилиб беришлари қанчалик миқдорда бўлганлиги борасида икки хил қараш мавжуд:

Биринчи қараш бўйича Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни ҳаммасини изоҳлаб берганликлари таъкидланади ва бунга бир нечта далиллар келтирилади. Жумладан:

- оятларда Қуръони карим Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га баён қилиб беришлари учун нозил бўлганлиги таъкидланади;   

- Абу Абдурроҳман ас-Салмийдан ривоят қилинади. У айтади: Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Қуръоннинг бошқа устозлари айтардиларки, саҳобалар қачон Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ўн оят эшитсалар уларни ўрганиб олмай ва амал қилмай туриб, бошқасига ўтмас эканлар. Шу боис ҳам улар: «Биз Қуръонни ўргансак, унинг илмини ҳам ва амал қилишни ҳам биргаликда ўрганардик», дер эдилар. Ушбу далиллар саҳобаларнинг Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръон ўқилишини ўргаиш билан бир қаторда уларнинг маъноларини ҳам бир хилда тўлиқ ўрганиб кетганликларига далил бўлади.

- ҳар бир каломдан кўзланган асосий мақсад унинг лафзидан кўра авваламбор мазмун-моҳияти эканлиги қоидасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Каломуллоҳ матнини етказиб, маъноларини қолдириб кетган бўлишлари асло мумкин эмас.

Иккинчи қараш тарафдорлари Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятларнинг ҳаммасини эмас, балки эҳтиёж туғилганларини изоҳлаганлар дейишади. Бундай изоҳлар қаторида ом, яъни умумий нарсаларни хослаш, ноаниқликка аниқлик киритиш, мавҳумликни кетказиш каби тил қоидалари ва ижтиҳод билан ечим топиб бўлмайдиган мисолларни санаб ўтиш мумкин. Масалан, Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир куни Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизни орамизда эдилар, бирдан бошларини қуйи солиб олдилар. Сўнгра бошларини кўтариб, табассум қилдилар. Биз: «Нима нарса сизни кулдирди, эй Росулуллоҳ?», дедик. У киши айтдилар: «Менга бир сура нозил бўлди, деб Кавсар сурасини ўқиб бердилар. Кейин «Кавсар нималигини биласизларми?», дедилар. Биз: «Аллоҳ ва Росули билгувчироқ», дедик. Айтдилар: «У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган анҳордир. Унда кўплаб яхшиликлар бор, у қиёмат куни умматим тушадиган ҳавздир, идишлари юлдузлар ададича, шунда баъзи бир бандалар ундан узоқлаштирилади, мен шунда: «Роббим, у менинг умматимдан», дейман. (Аллоҳ) айтади: «Улар сиздан кейин нима қилганликларини билмайсиз» (Имом Муслим ривояти). 

Шунга биноан ушбу қараш вакиллари “Аллоҳ таолонинг «Сиз уларга нозил бўлганларни баён қилиб беришингиз учун…» оятини баён қилишга эҳтиёжи бор нарсаларга тааллуқли, бироқ эҳтиёжи бўлмаса уни қандай қилиб баён қилиш ҳам мумкин бўлар эди?” деб айтишади. Бунинг далили сифатида бир нечта оятларни келтиришган. Жумладан, Бақара сураси 163-оятидаги: «Сизнинг Илоҳингиз ёлғиз илоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир, (У) Раҳмон ва Раҳимдир» мазмун аниқ бўлиб, уни қандай қилиб баён этиш ҳам мумкин?! Ёки Нур сураси 2-оятидаги: «Зинокор аёл ва зинокор эркакни, улардан ҳар бирини юз дара уринглар» мазмундан ҳеч ким  саксон ёки тўқсонни тушуниб қолмайди. 

Бундан ташқари, агар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръоннинг ҳаммасини сўзма-сўз баён қилиб берганларида, унда бундай ривоятлар бизгача етиб келган бўлар эди. Бу ҳолда эса, Қуръоннинг саҳобалар яхши тушунадиган араб тилида нозил бўлишидан нима аҳамият қоларди. Ўз даврида кофир бўлган араблар Қуръонни бирор бир шарҳ ва изоҳсиз эшитар, улардан айримлари тушуниб, имон келтирардилар. Яна Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятларни ҳаммасини изоҳлаб берганларида ундан уни тадаббур қилишга Аллоҳ таоло буюрмаган ҳамда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Ибн Аббос ҳақига «Аллоҳим, уни динда фақиҳ қил ва таъвилни ўргат», деб дуо қилишларида маъно қолмаган бўларди.

Ушбу икки қарашдан келиб у алайчиқадиган энг тўғри сўз шуки, Росулуллоҳ (соллаллоҳҳи васаллам) оятларни ҳаммасини ҳам баён қилиб бермаганлар, балки изоҳга муҳтож бўлган жойларинигина ёритганлар, кўпчиликка маълум бўлганларини айтмаганлар. Шунингдек Каҳф асҳоблари итининг ранги, Мусо ҳассасининг узунлиги ва қайси дарахтдан ясалганлиги, Иброҳим учун тирилтириб берилган қушларнинг тури каби фойдасиз нарсаларни ёритмаганлар. 
Ушбу фикрга яқин мулоҳазаларни Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг қуйидаги сўзларида ҳам кўриш мумкин: “Тафсирлар тўрт хил бўлади: биринчи тури араблар тушунадигани , иккинчи тури билмасликка умуман узр бўлмайдигани, учинчи тури олимлар тушунадигани, тўртинчи тури фақатгина Аллоҳ биладигани”.

Юқоридагиларга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, саҳобалар ўртасида Қуръон таъвиллари борасида айрим баҳслар бўлиб турган. Агар ҳадисда уларнинг баёни бўлганида саҳобалар асло баҳслашмас эдилар. Имом аз-Заркаший ҳам: «Аллоҳ таоло бандаларининг ўз Китоби борасида тафаккур қилишларига чақирган ва шу сабаб Расулини ҳар бир нарсани изоҳлашга буюрмаган», деб айтган.

Қаюмов Сафватуллоҳ

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси