Яратилиш санаси 21.02.2023

Қуръони каримни тафсир қилишда...

Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, билмсиз тафсир қилиш асло мумкин эмаслиги қайта-қайта таъкидланади. Айниқса саҳобалар ва тобеинлардан бу борада  бир қатор ривоятлар келган.

Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) айтар эканлар: “Қайси ер мени кўтаради, қайси осмон менга соя берар эди, агар мен Аллоҳнинг китобида билмай бирор сўз айтадиган бўлсам?!”. Саид ибн ал-Мусаййибдан бирор масала сўралса “Биз Қуръон борасида бирор нарса демаймиз”, дер экан.

Убайдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: “Мен Мадина шаҳри фақиҳларини тафсир борасида бирор сўз айтишни оғир билганликларини кўрдим. Улар орасида Солим ибн Абдуллоҳ, ал-Қосим ибн Муҳаммад, Саид ибн ал-Мусаййиб ва Нофийлар бор эди”. Масруқ айтар экан: “Тафсирдан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳдан ривоят қилишдир”. 

Ибн Жарир ат-Табарий ушбу ривоятларни келтириб: “Уларнинг Қуръон тафсири ва таъвили борасида бундай дейишларига тўғри нарсани етказишда эҳтиёткор бўлганликлари сабаб бўлган, асло оятларнинг таъвили мумкин эмаслиги ёки таъвил қилмаганликларидан эмас».

Аз Заркаший: «Саид ибн ал-Мусаййиб, Омир аш-Шаъбий каби салафи солиҳлар Қуръонни улуғ санаганлари сабаблари ўзлари билсалар ҳам тақво ва эҳтиёткорлик юзасидан бирор нарса дейишмас эдилар». Ибн Касир ҳам: «Салафи солиҳларнинг бундай қилишлари уларнинг илмсиз ҳолда тафсирда бирор нарса дейишларидан жуда эҳтиёткор бўлганликларига тааллуқлидир. Бироқ шариат ва луғат илмини билиб, тафсир қилишда ҳеч қандай айб йўқдир. Чунки юқорида номлари санаб ўтилган салафи солиҳлардан тафсирлар ривоят қилинган, акс ҳолда бундай ривоятлар бўлмас эди. Бу ҳаммага бирдек шарт саналади». 

Абдураҳмонов Муҳаммаджон

Ҳидоя ўрта махсус ислом 

билим юрти ўқитувчиси