Яратилиш санаси 22.02.2023

Аллоҳнинг сифати махлуқнинг сифатига ўҳшамайди.

Аллоҳни бор деб эътиқод қилувчи ҳар бир мусулмон маърифат ҳосил қилиши, яъни У зотни яхши таниши ҳам керак. Бу маърифатга эришиш йўллари кўп бўлиб, улардан бири У зотнинг гўзал исмлари ва сифатларини билиш ҳисобланади.

Ҳаёт  сифати Аллоҳ таолонинг қадимий ва боқий бўлган зотий сифатларидан биридир. У зот ўзининг азалий ва абадий сифати бўлган ҳаёт сифати билан абадий тирикдир. Бу ҳақида У Зотнинг Ўзи шундай хабар берган:  “Аллоҳ, - ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У Тирик ва Абадий Тургувчидир”. (Бақара сурасидир. 

Аллоҳ таоло тирикдир, тириклиги ўлим ила йўқ бўлмайди. Аллоҳ таолонинг тириклиги азалий, яъни олдин йўқ бўлиб кейин пайдо бўлмаган, балки ўз-ўзидан бўлувчидир, шунингдек, бирор пайдо қилувчига муҳтож эмас, тирикликни бошқа зотдан олмаган. Аллоҳ ҳаётнинг манбаидир. У барча жонзотларга ҳаёт ато этувчидир. Унинг Ўзи эса ҳаётнинг мукаммал суратига эга. Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандаларнинг ҳаётига ўхшамаган.

Махлуқотларда ҳам тириклик сифати мавжуд, аммо бу сифат уларда ўлим билан йўқ бўлади. Махлуқотлар тирик бўлишида Аллоҳга муҳтож, ўз-ўзларидан тирик бўла олмайдилар, улардаги ҳаёт сифати кейин пайдо бўлган ва фонийликка юз тутади.

Аллоҳ таоло ерни инсонлар унда қарор топиб яшашлари учун кенг, катта,  тўшак каби қулай ҳолда яратиб, инсонларга бўйсундириб қўйгани, ундан анҳорларни оқизиб, турли мева ва ўсимликларни чиқаргани, осмонни  устунсиз шифт каби бино қилганини баён этди. Сўнг  инсонлар ўзларининг қандай яратилганликларига назар солиб, Аллоҳнинг комил қудрати ва ҳикматини тафаккур қилишларига чорлади. 

Демак, Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари собитлиги ҳаёт сифати билан экан. Кимки, бу ишларни тирик бўлмаган зотга нисбат берса ақиллилар қаторидан жой ололмайди. Унинг кайфияти ҳақида бахс юритмасдан иймон келтирилаверади.

Абдулазиз Бобамирзаев