Сингапур таълим тизимининг асосий афзаллиги
Бугун таълим иқтисодий ва илмий-техник тараққиётнинг ҳал қилувчи омили, жамиятнинг ижтимоий тузилмасини шакллантириш, унда ижтимоий мақомларни тақсимлаш механизми ҳисобланади. Буни айни пайтда хорижий давлатларда таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш орқали юксак билим ва кўникмаларга эга кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан ҳам англаш мумкин. Масалан, маорифга улкан сармоя киритиб, юксак натижаларга эришаётган давлатлардан бири – Сингапурдир. Сингапур Буюк Британия мустамлакаси бўлган даврда унинг саноати асосан минерал ёқилғи ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган эди. Шунга қарамай, ўша даврдаёқ таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда мамлакат ва хориж олий ўқув юртларида илм-фаннинг энг замонавий йўналишлари ва илғор технологиялар соҳасида мутахассислар тайёрлаш устувор вазифалардан бирига айланди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида Сингапур илмий-техник ривожланиш соҳасида жаҳонда етакчи мамлакатлардан бирига айланди. Айни пайтда бу мамлакат ер шарида 10 минг киши ҳисобига олимлар кўпчиликни ташкил этадиган (47) беш мамлакат қаторидан жой олган. Сингапур ялпи ички маҳсулотга нисбатан илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишларига маблағ сарфлаш даражаси бўйича ўзининг собиқ мустамлакачиси Буюк Британиядан ҳам олдинда туради.
Сингапурда умумий таълим тизими ҳақида тўхталганда қўйидагиларга эътибор қаратиш лозим. Сингапур умумий таълим тизими уч босқичдан иборат. Мамлакат маъмурий жиҳатдан 4 та таълим ҳудудига бўлинган бўлиб, ҳар бир ҳудуд 7 та мактаб кластеридан иборат. Ҳар бир кластер ўртача 12-14 бошланғич ва ўрта мактабни ўз ичига олади.
PIRLS тадқиқотида (Ифодали ўқиш ютуқларини ўрганувчи халқаро тадқиқот ташкилоти) Сингапур аҳолисининг саводхонлиги дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Сингапур мактабларининг ўқувчилари 1995 йилдан буён математика ва табиий фанлар TIMSS (математика ва табиий фанлар бўйича тенденциялар) бўйича халқаро билимлар имтиҳонларида дунёдаги энг яхши натижаларни кўрсатмоқда.
Шу ўринда, Сингапур таълим тизимининг тараққий этишида, давлат томонидан мустақилликка эришган пайтдан бошлаб олиб борилган ислоҳотларни ўрни беқиёслигини таъкидлаб ўтиш лозим.
Жумладан, 1961 йилдан 1991 йилгача Сингапур ҳукумати мактаб тизимининг мустақиллиги ва мослашувчанлигини оширишга, шунингдек, таълим сиёсатини мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражасини оширишга йўналтириш, ёшларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган қатор ислоҳотларни амалга оширди. Ислоҳотларнинг яна бир мақсади, таълим жараёнининг моҳияти нафақат болалар миясини турли хил фан билимлари билан тўлдириш бўлмай балки ёшларни ҳаётий кўникмалар- масъулият, ўзаро ёрдам ҳисси, ишга муҳаббат, қизиқувчанлик, жасорат ва мослашувчанликни шакллантириш эди.
Сингапурда ўқувчиларни мактабга қабул қилиш 6 ёшдан бошланади. Бошланғич мактабда талабалар математика, инглиз тили, этика, мусиқа ва жисмоний тарбия каби фанлардан асосий билимларни олади. 6-синф охирида улар ўрта мактабда ўқишни давом эттиришга рухсат берувчи PSLE якуний имтиҳонини топширадилар. Маълумот ўрнида айтиш керакки, PSLE имтиҳонлари миллий имтиҳондир. Имтиҳон инглиз, она тили, математика ва табиий фанлар бўйича ўқувчиларнинг билим даражасини текширишга қаратилган.
Ўрта умумий таълим 4 йил давом этади. Ушбу босқичда талабалар техник соҳани, бухгалтерия ҳисоби, шунингдек давлат ва хорижий тилларини ўрганишга ихтисослашган йўналишлардан бирини танлашлари мумкин. Бу босқичдан сўнг умумтаълим мактаблари битирувчилари техникумларга (3 йиллик) ёки техник институтларга (ўқиш муддати - 2 йил) ўқишга қабул қилинади. Талабалар ушбу ўқув даргоҳларида қуйидаги соҳаларда мутахассисликларни олишлари мумкин: муҳандислик, алоқа, рақамли технологиялар, биотехнология ва бухгалтерия ҳисоби. Ўқишни тугатган битирувчиларга ишга жойлашиш имконини берадиган диплом берилади. Шунингдек бу босқичдан сўнг битирувчилар Олий таълим муассаларида ҳам ўқишларини давом эттиришлари мумкин.
Сингапур таълим тизимида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) муҳим рол ўйнайди. Бу талабалар ўртасида инновацион ғояларни ривожлантиришга ва улар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам беради. Сингапур мактабларини компьютер билан жиҳозлаш даражаси ўртача 5 та талабага битта компьютердан иборат. Шу билан бирга мактабларнинг 95% интернет тармоғига уланган. Бу ўқитувчилар ва талабалар орасида тажрибалар алмашиш имкониятини беради.
Сингапурда бошланғич мактаб мажбурий ва пуллик ҳисобланиб, таълим харажати ойига 9,4 АҚШ доллар ва йилига бир марта тўланадиган 79,4 АҚШ долларни ташкил қилади. Ўрта таълим учун ота-оналар ҳар ойда 14,4 доллар ва ҳар йил учун бир марта 115,5 доллар тўлайди. Университетгача бўлган давр таълими учун ҳаражат ойига 19,5 долларни ва йилига бир марта тўланадиган 158,8 долларни ташкил этади.
Шу ўринда умумтаълим мактабларини молиялаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтсак. Сингапурда давлат томонидан ажратиладиган барча маблағлар, шунингдек, ўқув тўловлари мактаб фондига тушади. Кластер раҳбарлари мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари орқали келиб тушган маблағларни ва барча ҳаражатларни нашр этадилар.
Мактабларда ўқувчиларнинг ота-оналари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. "Ота-она ва мактаб ҳамкорлиги" деб номланган махсус дастур доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилади: а) ўқувчилар учун қулай шароит яратишда ота-оналарга ёрдам; б) мактаб ва ота-оналар ўртасида самарали маълумот алмашиш; в) турли хил тадбирларни ҳамкорликда ташкил этиш, масалан, мактаб нашрлари, ота-оналар иштирокидаги конференциялар (“мактаб-ўқувчи-ота-она” занжири); г) мунтазам равишда ота-оналарга ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштирганлиги тўғрисидаги ахборотни, ҳисоботларни тақдим этиш. Бу эса ўз навбатида ўқувчини назорат қилиш имконини беради ва унинг ўқишини яхшилаш учун таъсир ўтказади ("қайта алоқа" тизими); д) мактаб қарорларини қабул қилиш жараёнида ота-оналарни жалб қилиш.
Сингапур таълим тизимининг асосий афзаллиги - ўқитувчилар таркибини танлашдир. Мамлакатда ўқитувчилар малакасини ошириш соҳасида Миллий таълим институти (МТИ) фаолият юритмоқда. Ушбу институтда ўқитувчиларни учта йўналиш бўйича қайта тайёрлаш курслари мавжуд: 1) профессионал ўқитувчилик; 2) таълим вазирлигида фаолият юритувчи мутахассис; 3) мактаб маъмурияти бошлиғи.
Бундан ташқари, институт дунёдаги энг яхши педагогик амалиётларни таҳлил қилиш бўйича фаол тадқиқот ишларини олиб боради. Таъкидлаш жоизки, ушбу институт мамлакатдаги малакали педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича ягона институтдир.
Таълим вазирлиги ўрта мактаб битирувчилари орасидан энг иқтидорларини ўқитувчилик касби учун танлаб олади. Улар ўқитувчи иш ҳақининг 60 фоизига тенг бўлган стипендия олишади ва камида уч йил давомида педагогик билим берилади. Бундан ташқари, Сингапурнинг мактабларида тажрибали ўқитувчилар янги келган ўқитувчиларни “шогирдликка”га олиш, мураббийлик тизими ташкил этилган. Шуни таъкидлаш жоизки, Сингапурда ўқитувчилар давлат хизматчилари ҳисобланади. Таълим вазирлиги бюджети Мудофаа вазирлигидан кейин иккинчи ўринда (ЯИМнинг 5%) туради. Ҳар йили таълим соҳасига тахминан 12,9 миллиард доллар сарфланади. Бу давлат умумий бюджетининг (68,6 миллиард доллар) 18,7% ини ташкил қилади. Мамлакатда аҳолининг саводхонлик даражаси 96% ни ташкил қилади.
Сингапурдаги ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш тизими уларга ўз-ўзини ривожлантириш учун кенг имкониятларни тақдим этади. Жумладан, барча ўқитувчиларнинг 35 фоизи ҳар йили раҳбар лавозимига сайланади. Ўқтувчилар орасидан етакчилик қобилиятига эга бўлганлари ҳар йили янги раҳбарлик лавозими учун қайта тайёрлов курсларида ўқиш учун жўнатилади.
Мактаб директорлари лавозимига тасдиқланганидан сўнг, улар Директорлар Академиясида икки йиллик ўқув дастурини якунлашади. Дастлабки ўқув йилида етакчилик фазилатларини шакллантириш, иккинчи йили, мактабларни бошқаришни ўрганиш учун амалиёт ўташни ўз ичига олади. Бундан ташқари, бўлажак раҳбарлар хорижий давлатларга 6 ҳафтага юборилади. Хорижга сафар қилиш билан боғлиқ барча ҳаражатлар тўлиқ давлат томонидан қопланади.
2008 йилда Академия (Мактаб директорлари академияси) Сингапур таълим вазирлиги билан биргаликда таълим муассасасининг янги тайинланган раҳбарлар учун "мураббийлик" дастурини ишлаб чиқди.
Бу дастурда катта тажрибага эга бўлган раҳбарлар янги тайинланган директорларга мактабларни бошқариш борасидаги маслаҳатлар беришади ва йўл-йўриқлар кўрсатишади. Шу билан бирга мунтазам хориж тажрибасини ўрганиб боришади ва тадқиқ қилишади.
Мамлакат тараққиёти учун кадрлар тайёрлашда ўрта мактаб тизими муҳим ўрин тутишини инобатга оладиган бўлсак, ҳозирги кундаги Ўзбекистондаги таълим тизимини яхшилаш борасида хориж тажрибаларини ўрганиш ва халқаро стандартларга жавоб берадиган тизим яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Анваров Алишер
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси