Яратилиш санаси 03.03.2023

Экстремизм: тарих ва замонавий воқелик

Экстремистик қарашларни барча диний таълимотлар доирасида учратиш мумкин. Масалан, мутахассислар католик черковининг эркин фикр юритувчи, ҳукмрон феодал-католик черкови ақидаларини рад этувчи кишилар – папа ҳокимияти душманларини таъқиб қилиш учун XIII асрда тузилган ва минглаб одамларнинг қурбон бўлишига олиб келган инквизиция фаолиятини ҳам экстремизмнинг ўзига хос кўриниши сифатида баҳолайдилар. Шундай экан, экстремизмни фақат муайян дин билан боғлаш мутлақо асоссиздир. 

Хусусан, ислом дини, турмуш тарзи ва қадриятлар мажмуи сифатида ҳеч қачон экстремистик тузилмаларнинг гўёки, дин ва мусулмон жамоаси равнақи йўлида амалга ошираётган террорчилик хуружларининг асосий сабаби сифатида қаралиши мумкин эмас.

Ислом шиорларидан танлаб фойдаланадиган, диннинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладиган экстремистик тузилмалар худди юқоридаги каби кенг халқ оммаси билан узвий бирлик мавжудлигини кўрсатиш, аслида эса жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш учун маблағ йиғиш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятга эришишдек эҳтиёжларини қондириш мақсадини кўзлайди.

Шуниси диққатга сазоворки, экстремистик руҳдаги тузилмаларнинг ҳеч бири бирор бир шаклда ўзлари жар солаётган, ўзлари «интилаётган» жамият қурилиши моделини таклиф этолмайди.

Коммунизм, халифалик – «умумий фаровонлик ва соғлом мутаносиблик жамияти» олий мақсад деб кўрсатилган ҳолда, қўрқув ва бузғунчилик уларга эришиш йўли сифатида таклиф этилади. Бу эса бир вақтлар машҳур бўлган, Россия ва Европада узоқ йиллар давомида бузғунчилик йўлида террорчилик усулларини қўллаб келган тузилмалар фаолиятини озиқлантириб келган анархизм ғоялари билан ҳамоҳанглик касб этади.

Абдулазиз Бобамирзаев