Яратилиш санаси 04.03.2023

МАЗҲАБСИЗЛИКНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ

Барчагамаълумки ҳар бирмўмин-мусулмонликни даъво қилувчи киши учун Ислом тарихини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини мукаммал билмоғи лозим.

Ислом тарихига назар соладиган бўлсак,  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи васаллам даврларида мазҳабга эргашиш деган тушунча бўлмаган. Агар Саҳоба розиллаллоҳу анҳумлар мабодо, бирор-бир оят ёки ҳадиси шариф ҳусусида ихтилоф қилиб қолсалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари дарҳол ан ашундай  ихтилофларга  барҳам берар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин, илми, имконият доираси кучлилиги билан ажралган саҳобалардан фатво сўрашлик ва даврлар ўтиши билан саҳобалардан кейин тобеъинлар даврида баланд даражаларга етган улуғ мужтаҳид уламолар етишиб чиқди. Аммо уларнинг сони озлиги сабабли қолаверса омма халқнинг барчалари ана шундай мужтаҳидлик даражасига етиша олмаслиги натижасида анашу мужтаҳидларга  эргашмоқликдан ўзга чора қолмаган эди. Кўриниб турибдики мазҳабнинг келиб чиқиши ва унинг кенг тарқалиши зарурий ҳолат бўлган. Бироқ, охирги асрларда мазҳабни қораловчи, мазҳаббошчи уламоларни ҳар-хил ёмон сўзлар билан хақоратловчи ва мазҳабга эргашган тўғри йўлдаги мусулмонларни танқид қилувчи тоифалар пайдо бўлди. Натижада  анашундай мазҳабсизлар уммат орасида тинчлик ва ҳотиржамликни барбод қилиб, уларнинг орасига тафриқа солишди.

Уларнинг даъволарини яхши билишлик ва уларга қарши раддия билдира олишлик бугунги кунда ислом оламидаги энг долзарб масалалардан бирига айланди.

Мазҳаб масаласи кейинги йилларда кишилар оғзидан тушмасдан, кўпчилик толиби илмлар, аҳли илм, аҳли ибодат ўртасида айрим тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани сир эмас. Бизлар мазҳаб масаласи ҳақида аждодларимиздан давомли равишда асрлар давомида ўрганиб, одатланиб келган йўлимиз нақадар Қуръон ва ҳадисга мувофиқ эканини билганимиз учун гапирамиз. Кишиларнинг мазҳабга бееътиборлиги уларнинг мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмаганликларидандир, яъни жаҳолатдандир. 

Дини Ислом Аллоҳнинг комил ва сўнги динидир. У бизга, бутун инсониятга то қиёматгача ўзгармай амал қилиш учун юборилган диндир. У маълум бир минтақадаги бир миллат ёҳуд бир қавмга бир муддат амал қилиш учун юборилган дин эмас. Динимизнинг буюклиги, унинг бошқа динлардан фарқи ҳам мана шундадир. 

Демак, ана шундай улуғ ва бутун оламни қамраб оладиган Аллоҳнинг сўнги ва баркамол дини – дини Исломни қабул қилган кишиларни қавмлари ҳам, тиллари ҳам, замонлари ҳам, маконлари ҳам хилма – хиллигидан келиб чиқиб, бу эрларга динни этказиб келган кишиларнинг таълимотларига асосан дин амалларини адо этарканлар, ана шу амалларда бир минтақадаги мусулмонларнинг амалларидаги айрим масалаларда бошқа минтақадаги мусулмонларнинг амалларидан фарқли бўлиб қолиши мумкин. Ва бу нарса динимизнинг кенглиги, Аллоҳ таолонинг сиз ва бизга берган катта неъматларидандир. 

Чунки дини ислом оламга ёйилиши билан бутун оламдаги кишиларнинг амал қилиши учун ҳар томонлама мос, энгил, осон равишда бўлишини Аллоҳнинг ўзи таъминлаган ва бунга сабаб қилиб Расулуллоҳ (с.а.в)дан сиз билан бизга динни этказиб келган уламоларимизнинг дунёнинг ҳар тарафида пайдо бўлишини Аллоҳ таолонинг ўзи хоҳлаган экан-ки, бу ҳар биримиз учун яхшиликдур.

Абдурашидов Абдуваҳҳоб

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти 4-курс талабаси