Яратилиш санаси 05.03.2023

Мазҳабсизлик – динсизликка йўл

Саҳобаи киромлар билмаган нарсаларини тўғридан тўғри Пайғамбар алайҳис солату вассаломдан, ундан кейин хулафои рошидинлардан сўраб билиб олишган. Аслида мазҳабларга эҳтиёж Мадина даврида сезила бошлаган эди. Мадинада бир юз йигирма минг саҳоба ҳаёт кечириб турган пайтда саҳобалар орасида бир фиқҳий савол пайдо бўлса, ҳамма ҳам жавоб бера олмас эди. Балки саҳобаи киромлардан асосан Муъоз ибн Жабал, Ҳорис ибн Зайд, Абдуллоҳ ибн Умар, Саййид ибн Мусаййаб каби олимларигина жавоб беришган.

Ислом дини дунё бўйлаб турли минтақалар ва халқлар орсида тарқала бошлаб, араб бўлмаган халқлар мусулмон  бўла бошладилар. Улар ўз ҳаётларига Қуръони карим  ва Пайғамбар алайҳис саломнинг суннатларидан шариат ҳукмларини чиқариб олишлари керак эди. Шунингдек турли минтақаларда шароитларнинг хилма-хиллиги ҳам шариат масалаларида табиий тафовутларнинг юзага келишига сабаб бўлди.

Шундай қилиб, жамиятда  мусулмонларга диний аҳкомларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб бера оладиган, муъайян илмларга эга бўлган олимларга эҳтиёж тобора ортиб борарди. 
Пайғамбар алайҳис салом вафотларидан сўнг  биринчи асрнинг охири ва иккинчи асрнинг бошларида турли диёрлардан диний ҳуқуқларни ечиб бера оладиган олимлар етишиб чиқа бошладилар. Натижада Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофиъий, Имом Аҳмадлар бугунги кунимизгача етиб келган тўрт фиқҳий мазҳабларга асос солдилар. Мазкур мазҳаббошилар эътиқод ва ибодат масалаларни Қуръони карим  ва Пайғамбар алайҳис саломнинг суннатларига мувофиқ маълум қоидаларга солиб чиқдилар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейинги тўрт ишончли халифалар, саҳобалар, тобеъинлар, улардан кейингилар ва Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофиъий, Имом Аҳмад роҳимаҳумуллоҳлар эътиқод ва ибодатда “Суннат”га таяниб иш кўрганлари учун “Суннийлар” ёки “Аҳли сунна вал жамоа” деган шарафли ном билан аталган.  Ўн икки асрдан зиёд давр мобайнида бутун дунё мўмин-мусулмонлари мазкур мазҳаб кўрсатмаларига амал қилиб, эътиқод ва ибодатда бардавом бўлиб келишмоқда. 

Бугунги кунда пайдо бўлган “Сохта салафийликк” ғояси тарафдорлари Ислом уммати қадим-қадимдан амал қилиб келаётган ақида ва фиқҳ мазҳабларини инкор қилиб, “Мазҳаб тузиш Расулуллоҳ алайҳис-солату вассаломнинг даврларида йўқ эди, шундай экан биз, мазҳаб эгаларининг айтганига эмас, балки Аллоҳ ва Расулининг айтганига амал қилишимиз керак” деган давони илгари суришмоқда.

“Сохта салафийлар” нинг ғоялари – Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлардан сўзма-сўз маъно чиқариб, ўша маънога кўр-кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаъларни ботилга чиқаришдир. Ҳаким Самарқандий Қуръон оятларининг зоҳирига қараб ҳукм олиш борасида фикр юритиб: “Қуръондаги ҳамма нарсани ҳам зоҳирига қараб шарҳлаш мумкин эмас, чунки Қуръонда кўп ўринларда оятларнинг зоҳири бошқа маънони, ботини бошқа маънони англатади. Аллоҳдан қўрқинг. Қуръонни фақат ўз раъйингиздан келиб чиқиб шарҳламанг”, деб бу ишнинг шариъат кўрсатмасига хилоф эканини таъкидлаган.

“Мазҳабсизлик” ғояси тарафдорлари худди – компьютер вируси каби юртимиз мусулмонларининг ҳанафийлик мазҳаби таълимоти билан боғлиқ ўн икки асрлик тарихини бир зумда ўчириб ташлаб, ўрнига ўзининг ғаразли ғояларини юкламоқчи бўлишади.

Биз аждодларимизнинг шонли йўлидан ҳеч қачон воз кечмаймиз. Агар уларнинг асоссиз сафсаталарига қулоқ соладиган бўлсак, Исломнинг ўн икки асрлик тарихидан воз кечган бўламиз. “Аҳли сунна ва жамоа” фирқасида ижод қилиб ўтган минглаб забардаст уламолар томонларидан ёзилган ноёб асарларидан бебаҳра бўлиб қоламиз. Асрлар мобайнида барча мусулмонлар амал қилиб келаётган анъаналар бекорга чиқади. Натижада мусулмонлар орасида поракандалик юзага келади. 

“Мазҳабсизлик” ғояси тарафдорларининг бемазҳабликни  тарғиб қилишдан кўзлаган бош мақсадлари – халқ орасида “поракандалик” келтириб чиқаришдан иборатдир. 

Аммо, зинҳор ва зинҳор ватанимиз мўмин мусулмонлари бундай сафсаталарга алданиб қолмасликлари лозим. Жиҳод, шаҳидлик, ҳижрат, такфир каби сирти ялтироқ алдамчи ғоялар таъсирига тушиб қолган ҳамюртларимизнинг араб мамлакатларида сарсону-саргардон бўлиб, азоб чекканлари, бир қанчалари бекафан ўлиб кетганлари, кимдир ота-онасидан, яна кимдир фарзандидан ажралиб, зор йиғлаб қолганлари, бир қанчалари Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан ватанимизга олиб келинганлиги ҳали эсимиздан чиққан  йўқку.

Бас, шундай экан биз аждодларимиз йўлларини маҳкам тутиб, эътиқодда Имом Мотурудий, ибодатда Имом Абу Ҳанифа мазҳабларида мустаҳкам туриб, “Аҳли сунна вал жамоа”ни ҳеч қачон тарк этмаймиз. 

Чунки,  Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Ким жамоатни тарк қилса, батаҳқиқ, бўйнидан Ислом бўйинбоғини ечган бўлади”, деганлар. 

Жумҳур уламолари наздида “жамоат” дан  мурод тўрт фиқҳий мазҳабни ўз ичига олган  “Аҳли сунна вал жамоа” дир.   Бу  тўрт фиқҳий мазҳаб бутун дунё мусулмонларини ўн икки асрдан буён бирлаштириб келмоқда. 

Бемазҳаблик масаласида Ислом оламининг машҳур олимларидан бири саналган доктор Муҳамад Саид Рамазон Бутий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи “Бемазҳаблик-диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”, - деганлар.

Маматқулов Қаҳрамон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти талабаси