СИФФИН ВОҚЕАСИ
Али (розияллоҳу анҳу) Жамал воқеасидан ҳануз тиниб-тинчимай туриб яна янгидан Муовия ибн Абу Суфён Шом қўшинида Али розияллоҳу анҳуга қарши душманлик уйғотиб у зотга қарши курашга отлантираётганлигининг хабари келиб қолди. Муовия аскарларига жуда ҳам саҳийлик билан совғалар улашиб ўз томонига оғдириб олади, улар ичида Али розияллоҳу анҳуга қарши фитна шу даражада юргизиладики, ҳатто Али розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳунларини ўз вақтида ололмаганлари этмагандай бунга қўшимча равишда Усмон розияллоҳу анҳуни қатл этишда иштирок этган ибн Сабоъ қўшинини ўзига бирлаштириб олганлиги учун ҳам масъулдир, деган даъвога уларда қаноат ҳосил қилдирди. Албатта, бундай миш-мишлар аскарлар орасида ўзининг ёмон таъсирини кўргазмай қолмади. Мазкур машъум хабар ҳазрати Алига этиб маълум бўлгач, у Жарир ибн Абдулллоҳни қўлларига мактуб бериб Муовия томонга жўнатдилар. Мактубда муҳожирлар билан ансорлар Али розияллоҳу анҳуга тўла қувватланган ҳолда байъат берганларининг хабари ҳамда Талҳа билан Зубайр байъат этганларидан кейин байъатларини бузганликлари ва оқибатда жамал воқеасида хунук ҳолатда ўлдирилганликларининг хабари баён этилиб, охирида эса Муовияни Али розияллоҳу анҳуга байъат беришликга чақириқ билан тугатилган эди. Али розияллоҳу анҳуга байъат қилмаган волийлардан ягона Муовиянинг ўзи қолган эди. Ўзга барча вилоят бошлиқларининг ҳаммаси байъат бериб бўлганди. Муовия Али розияллоҳу анҳунинг мактублари қўлларига текканидан кейин эса бир ҳийла ишлатишликни қасд этди. Али розияллоҳу анҳунинг элчиларига жавоб беришликни кейинга суриб, "мен яхшилаб ўйлаб олишим керак", деб чалғитиб, ўзи эса Амр ибн Осга мактуб ёзиб юборди. Мактубни олганларидан сўнг Амр ибн Ос Муовиянинг олдига этиб келдилар. Муовия Амрдан "Али ҳусусларида нима қилишим керак", деб маслаҳат сўрайди. Амр ибн Ос Муовияга : "Сиз Алидан Усмоннинг қасосини талаб этинг, мабодо Али бунга рози бўлмаса, унда Алига қарши Шом лашкарлари ёрдамида уруш очинг", дея маслаҳат берадилар.
Али розияллоҳу анҳу ҳам 37-ҳижрий йилнинг 25-шаввол ойида тўқсон минг аскар билан биргаликда Сиффин деган жойга қараб юрдилар. Муовия ҳам саксон беш минг аскар билан Фурот дарёсининг соҳилига келиб тушдилар. Муовия аскарлари Али розияллоҳу анҳу аскарлари билан дарёнинг ўртасини тўсиб қўйдилар. Аскарлар қароргоҳларига ўрнашганидан икки кун ўтиб ҳазрати Али Муовия томонларига элчи юбордилар. Муовияни бирлашишга, ҳамда ислом жамоатига киришликка чақирдилар. Муҳаррам ойининг охирги кунига қадар икки ўртада тинчлик шартнома тузилди. Бироқ, икки тоифа ўртасида уруш алангасини бутунлай тўхтатишликка муваффақ бўлолмадилар. Сафар ойи кириб, ўртадаги шартнома битиши билан икки орада уруш бошланиб кетди. Жанг бениҳоя қизиди. Шу пайтда Аммор ибн Ёсир Муовия аскарларининг бир қанчаларига тўсатдан ҳужум этиб, уларнинг барчасини тиғдан ўтказдилар. Бу ишни кўрган Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ғайратга кириб, душманларига қарши қаттиқ ҳужумга ўтдилар. Муовия аскарлари саросима ичида қолдилар. Агар шу вақтда Амр ибн Ос бир ҳийла ишлатмаганида эди, албатта, Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ғалабага эришган бўлардилар. Чунки Муовия аскарлари чекинишга тушай деб қолгандилар. Бироқ шу пайтда Амр ибн Ос қўлларида Қуръонни кўтариб, Қуръон ҳукмига итоат этишга ҳар икки тарафни чақирган бўлдилар. Буни кўриб Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ўртасида ихтилоф пайдо бўлди. Ироқликлар "Аллоҳнинг китобига жавоб беришимиз керак", дедилар. Али розияллоҳу анҳу уларга: "бу иш бир алдамчиликдур, холос, сизлар бунга ишониб нақд ғалабани қўлдан чиқарманглар. Улар бу билан сизларнинг бирлигингизга барбод бермоқчилар", деб тушунтирдилар. Бироқ улар ўз сўзларида маҳкам туриб олиб, Али розияллоҳу анҳунинг сўзларига эътибор бермадилар. Муовиянинг чақириқларини қабул этишимиз керак, деб қаттиқ оёқ тираб туриб олдилар. Саркардалари Аштар ибн Моликга урушни тўхтатиш тўғрисида ҳукм бериб одам юборишга Али розияллоҳу анҳуни мажбур қилдилар. Аштар ибн Молик ғалабани қўлга киритай деб турган бир ҳолида бундай ҳукм келганини кўриб мажбуран урушни тўхтатди.
Мирабдуллаев Музаффар
“Ҳидоя” ўрта махсус
ислом билим юрти талабаси