Таҳким воқеаси
Икки ўртадаги қонли уруш тинди. Шундан кейин Али розияллоҳу анҳу Муовиянинг қандай фикрда эканликларини билиш учун олдиларига элчи юбордилар. Элчи Муовияга Али розияллоҳу анҳунинг таклифларини этказди. У қуйидаги мазмунда эди: бизлар ҳам сизлар ҳам Аллоҳ таоло китобида буюрган амрига имтисол кўрсатайлик. Сизлар ўзингиз рози бўлган шахсни юборинглар. Бизлар ҳам ўзимиздан одам юборамиз. Кейин уларга Аллоҳнинг амрига биноан иш юритишларини топширамиз.
Муовия бунга розимиз деб жавоб бердилар. Муовия ўткир сиёсат юргиза олувчи Амр ибн Осни танлайдилар.
Аввалда ҳам осонгина алданган Ироқ аҳли эса Али розияллоҳу анҳудан Абу Мусо ал-Ашъарийни мазкур ишга вакил қилиб тайинлашларини қаттиқ туриб сўрайдилар. Али розияллоҳу анҳу бунга кўнмайдилар. Чунки Абу Мусо ал-Ашъарий моҳир, қувватли одам бўлган Амр ибн Осга нисбатан ниҳоятда содда, гўл одам эканликларини очиқ суратда тушунтирдилар. Бироқ Ироқ аҳли ўз сўзларида қаттиқ туриб олдилар. Бу ҳолни кўриб Али розияллоҳу анҳу ичларида афсус ва надомат билан уларнинг раъйларини мажбуран қабул қилдилар. Али розияллоҳу анҳу тўрт юз кишидан иборат гуруҳ билан уларга бош вакил қилиб Абу Мусо Ашъарийни, Муовия эса у ҳам шунча одамга бош вакил қилиб Амр ибн Осни мазкур 38-ҳижрийнинг рамазон ойида муҳокама юргизишлик учун Думатул Жандал деган эрга юбордилар. Бу эрда Абу Мусо ва Амр ибн Ос ўрталарида давлат аҳамиятига эга бўлган қаттиқ муҳокама бўлади.
Амр ибн Ос Абу Мусо Ашъарийни ҳар хил тилёғлама гаплар билан алдашга киришди ва алдашга улгирди ҳам. Охирида "айтган гапларимизни ёздириб қўяйлик", деган қарорга келишди. Кейин Абу Мусо Ашъарий одамларга қараб: "Ей одамлар, мен ва Амр ибн Ос, Али билан Муовияни ўз вазифаларидан олиб ташлашликга қарор қилдик. Миллатнинг ўзи бу ишни кўриб чиқишига иттифоқ этдик. Улар ичларида ўзлари севган ва ишонган кишиларини ўзларига халифа этиб сайлаб олаверсинлар. Мен Али билан Муовияни ўз вазифаларидан бўшатдим", дедилар. Абу Мусо сўзларини тугатиб бўлгач, Амр ибн Ос ҳам ўрниларидан туриб халққа қараб: "Ей одамлар, ўзларингиз эшитдингизки, бу одам ўзининг соҳибини ишдан бўшатди. Мен ҳам уни ишдан бўшатдим. Аммо ўзимнинг соҳибимни эса амалида қолдирдим. Чунки у Усмон тайинлаган волийлардандур, ҳамда Усмоннинг ҳунларини талабгоридур", деди.
Кутилмаган бу гапдан сўнг икки ўртада қаттиқ тўқнашув бўлди. Лекин вақт ўтган эди. Абу Мусо ҳижолат чекканидан Маккага қараб кетдилар. Шом аҳли ҳам ўз жойларига жўнади. Халифаликни Муовияга топширдилар. Муовия Шомга ғалаба қилган ҳолида музаффарона қадамлар билан қайтиб кетди. Али розияллоҳу анҳу Эса ўз аскарлари олдида уларнинг ичида фасод оралаган ҳолда қайтиб кетдилар.
Мана шундан кейин Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан бир гуруҳи ўзларини "Хаворижлар" деб атаб бир-бирларини сўкишиб, ажралиб чиқиб кетди. Исломдаги энг биринчи ўзини "Хавориж партия" деб атаган гуруҳнинг ажралиб чиқишлиги янги гуруҳлар пайдо бўлишлигининг бошланмаси эди.
Абдурашидов Абдуваҳҳоб
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти 4-курс талабаси