Яратилиш санаси 20.11.2022

ҲИЗБУТ-ТАҲРИР ВА УНИНГ КИРДИКОРЛАРИ

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: «“Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди (камон ўқининг) патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб (эчкиэмар)нинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтишди: “Ё Расулуллоҳ!Яҳудийлар ва насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” дедилар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Мўмин мўмин учун худди бир-бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.

Аммо бу ҳизблар-жамоалар ўзаро бир-бирларидан нафратдадирлар. Бир-бирларини таъна қиладилар, айблайдилар. Ҳатто бир киши: “Бу ҳизблар дин душманларининг ирода-истакларини, яъни умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, оқибатда умматни заифлаштириш каби ишларни қилишяпти” деса, тўғри бўлади. Ҳизбут таҳрир” жамоаси қаттиқ адашган тоифалардан. “Ҳизбут таҳрир” пасткаш жамоа бўлиб, Урдунда пайдо бўлган. “Ихвонул муслимин”дан ажраб чиққан. “Ихвончилар” уларга бу йўлдан қайтишлари учун элчилар юборишган. Лекин улар қайтишдан бош тортишган. Уларнинг етакчиси Тақиюддин Набаҳоний эди.

Улар ақида масалаларида қуйидагиларни айтадилар: “Ақидавий ҳукм фақат ақлдан олинади. Агар самъий, яъни, нақлий далилдан олинса, у фақат қатъий далил бўлиши керак”. Ҳизбчилар сафсата сотишга ўргатилган, динимизга мухолиф жамоадир.

Ҳизбчиларнинг етакчисидан: “Нима учун сизларда Қуръон ёдлатиладиган мадрасалар йўқ?” деб сўралганда, у бундай жавоб берган: “Мен дарвешлар етиштирмоқчи эмасман”.

Кўриб турганингиздек, илм, ахлоқ ва қалб тарбияси, зуҳд, тақвога сабаб бўлувчи илмлар улар учун қизиқ эмас. Фиқҳий масалаларда ҳам ҳадларидан ошишган. Масалан, уларнинг наздида эркак киши номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришса, жоиз бўлади. Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” адашган тоифалардан биридир.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки: Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минг­лаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинлардан ва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар. Барча мусулмонларни бундай бузуқ тоифалардан узоқ бўлишга ва уларни алдовига алданмаслиглари учун  даъват этамиз.

Мухаммадмирзо Нуриддинов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти талабаси