Яратилиш санаси 05.12.2022

ИСЛОМ ТЕРРОРИЗМНИ ҚОРАЛАЙДИ

«Террор» тушунчаси жуда кўп маъноларни ўзида қамраб олган. Кўпчилик террорни «Ўз мақсадига эришиш йўлида бошқаларнинг жони, моли ва обрўсига куч ва қурол ишлатиш йўли билан зарар етказиш» деб атамокдалар. 

Шу билан бирга «террор» - одамлар ҳаётига хавф туғдирувчи миқёсда қўрқитиш, ваҳимага солиш, кишилар ҳаётини батамом қамраб олувчи қўрқув ва зўравонлик муҳитини яратишни хам англатади. Террорчилик ташкилотлари халқ оммасини ўз сафига тортиш учун кўплаб қўрқитиш воситаларидан фойдаланадилар. Улар қўрқув муҳити ёрдамида ўзларининг жамиятга таъсир кучини кўпайтиришни ва шу йўл билан халқнинг ёки кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришишни кўзлайдилар. Ўз-ўзидан, бу масалаларга Ислом дини таълимотларида қандай қаралади, деган савол пайдо бўлади. Албатта, бу каби саволларга муқаддас Ислом динимизда жавоблар тайёр. Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. 

Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир. Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилгандир: Инсон ҳаётини, аклини, динини, наслини, молу мулкини муҳофаза қилишдир. Террор эса, айнан ушбу мақсадларга қарши фаолиятдан иборатдир. 

Террорнинг бош зарари — бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилишига Ислом қанчалар қарши эканини билишнинг ўзи бу илоҳий диннинг террорга нечоғлик қарши эканини очиқ ойдин кўрсатиб беради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деган («Моида» сураси, 32-оят). Исломда ҳар бир жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Шу боис, бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки, жонлар кўп бўлгани билан, ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. 

Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сакдаб қолган билан тенг.

Ортиқов Абубакр

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти 4-курс талабаси