Яратилиш санаси 05.07.2021

ҲИЗБУТ ТАҲРИР ҲАҚИДА

«ҲИЗБУТ ТАҲРИР» (тўлиқ номи «Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий» — «Ислом озодлик партияси») — сиёсийлашган диний ташкилот (оқим). Фаластинда Тақиюддин Набҳоний (1909—1979) асос солган. У «Мусулмон биродарлар» гуруҳининг Фаластин бўлинмасида фаолият юритиб, 1953 й. маслакдошлари билан мазкур бўлинма аъзоларини янги диний-сиёсий партия — «Ҳизбут таҳрир»га бирлаштирган.

«Ҳизбут таҳрир» таълимоти Тақиюддин Набҳоний ва унинг издоши Абдул Қадим Заллумнинг «Ислом низоми», «Ислом давлати», «Халифалик», «Исломий оламга қайноқ нидолар», «Ҳизбут таҳрирнинг тушунчалари», «Демократия — куфр низоми» ва «Сиёсий онг» каби китобларида баён этилган. Уларда дунёвий давлат тамойиллари қораланган, демократия, конституция, сайлов каби сиёсий тартибқоидалар инкор қилинган ҳамда диний мутаассиблик ғояларини тарғиб қилиш, сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш ва халифаликка асосланган тузумни ўрнатиш йўллари ифода этилган.

 «Ҳизбут таҳрир» ўз раҳбарияти, қароргоҳи ва молия манбаларини қатьий сир тутади. Маълумотларга кўра, Набҳонийнинг вафотидан сўнг, 1979—2003 й. ларда ташкилотга фаластинлик Абдул Қадим Заллум (1923—2003) раҳбарлик қилган. 2003 й. дан бошлаб эса «Ҳизбут таҳрир» га Иордания фуқароси Ало Абу Рушта («Абу Ёсин») етакчилик қилади. У ўз мамлакатида экстремистик фаолияти учун бир неча марта қамоқ жазосини ўтаган.

Набҳоний даставвал мақсад сифатида Фаластинда шариат асосидаги давлат қуришни эътироф этган. Кейинчалик эса у партиянинг асосий мақсади — мусулмон дунёсини бирлаштирувчи ягона халифалик давлатини қуриш, деб эълон қилди. «Ҳизбут таҳрир» фаолияти 1950—60 й. ларда Яқин Шарқда, 1970—80 й. ларда Жан. Осиёда, 1990-й. ларда Марказий Осиёда ва МДҲга аъзо бўлган баъзи мамлакатларга тарқалди. Ташкилот Ғарбий Европадаги бир неча мамлакатларда ҳам ўз бўлинмаларига эга. Маълумотларга кўра, ташкилотнинг Буюк Британияда жойлашган бўлинмаси мувофиқлаштирувчи марказ вазифасини бажаради.

«Хизбут тахрир» ташкилоти сиёсий ғаразларини Қуръон ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиш орқали оқлашга уринади. Шунинг учун ислом дунёсининг таниқли диний намояндалари, жумладан, Саудия Арабистонининг собиқ бош муфтийси, марҳум шайх Бин Боз, Юсуф Қарзовий (Қатар) «Ҳизбут таҳрир» ни «исломни бузувчи» ташкилот сифатида баҳолаганлар. Марказий Осиёнинг етук уламолари Абдулазиз Мансур, Алоуддин Мансур, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва б. ўз чиқишларида «Ҳизбут таҳрир» иддаоларини рад этганлар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 1999 й. 16 июндаги «Дин ниқоби остидаги динбузарлик ҳақида»ги фатвосида «Ҳизбут таҳрир» ва бошқа бузғунчи тоифалар фаолияти қаттиқ қораланган.

«Ҳизбут таҳрир» раҳбарлари ўз чиқишларида гўёки фақат ғоявий кураш усулларидан фойдаланишларини эълон қиладилар. Бироқ, ташкилот мафкурасини ифодаловчи ҳужжатлар, шунингдек, «Ҳизбут таҳрир» аъзоларининг қатор мусулмон давлатларида амалга оширган террорчилик ҳаракатлари бунинг аксини кўрсатади.

 «Ҳизбут таҳрир» раҳбарияти ҳар сафар қуролли амалиёт муваффақиятсизликка учраган заҳоти гўёки ушбу ҳаракатлар ташкилотнинг «ажралиб» чиққан қисми томонидан амалга оширилди, деган даъво билан айбни бўйнидан соқит қилишга интилиб келган.

«Ҳизбут таҳрир» бошқа террорчи гуруҳлар учун жангарилар тайёрлаб берувчи «конвейер»га айланган. Ўзини «алҚоида»нинг Ироқдаги бўлими деб, кўплаб бегуноҳ ироқликларнинг ҳаётига зомин бўлаётган террорчи гуруҳнинг раҳбари Абу Мусо Зарқовий даставвал «Ҳизбут таҳрир» аъзоси бўлган. 2005 й. нинг 13 май куни Андижонда қатор кўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширган «акромийлик» оқимининг асосчиси Акром Йўлдошев ҳам ўз фаолиятини «Ҳизбут таҳрир »да бошлаган.

Экстремистик моҳияти фош бўлган «Ҳизбут таҳрир» деярли барча мусулмон мамлакатларида, шунингдек, Россия, Германия ва бошқа. давлатларда террорчи ташкилот сифатида тақиқланган.

 «Ҳизбут таҳрир» ташкилоти Марказий Осиё минтақасидаги давлатларда сиёсий ғараз мақсадлари сари амалга оширилаётган зўравонлик ҳаракатлари манбаларидан бирига айланди. Ушбу ташкилотнинг фаоллашувини соғлом сиёсат юритаётган дунёвий давлатларга нисбатан халқаро террорчилик томонидан эълон қилинган «жиҳод» нинг бир унсури сифатида баҳолаш лозим.

Ислом тарихида ўтган ва муайян вақтдан сўнг барҳам топган турли бузғунчи оқимлар каби «Ҳизбут таҳрир»нинг иддаолари ташқи кўринишдан гўёки, исломни қайта тиклаш, динни тозалаш, ҳақиқий мусулмонликни қарор топтириш бўлса-да, бу ташкилотнинг пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар олиб борган фаолияти, унинг асл мақсади содда, ишонувчан, аксарият диндан бехабар ёшларни ўз ғоясига эргаштириш, одамлар орасига фитна солиш йўли билан сиёсий ҳокимиятни эгаллаш эканини яққол кўрсатди.

Шарифжон Юнусов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими