Оила – муқаддас тушунча
Маълумки ҳар бир оила никоҳ устига қурилади. Никоҳ эса муқаддас тушунчадир. Ҳеч бир дин Исломчалик никоҳга эътибор берган эмас.
Шариатимизда никоҳга тарғиб этувчи жуда кўп оят ва ҳадислар мавжуд. Оила ҳақида сўз юритишимиздан олдин, ушбу оят ва ҳадисларни келтириб ўтамиз.
“Никоҳ” сўзи луғатда “қўшилиш”, “жамланиш”, “яқинлашиш” маъноларини билдиради. Шариъатда эса “Никоҳ баҳраланиш эгалигини хосил қилувчи боғланишдир”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ (۳۲)
“Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар уларни Аллоҳ ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восеъ ва Алиймдир. (“Нур” сураси 32 – оят)”.
وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًا مِنْ قَبْلِكَ وَجَعَلْنَا لَهُمْ أَزْوَاجًا وَذُرِّيَّةً
“Батаҳқиқ, биз сендан олдин ҳам Расуллар юбордик ва уларга хотинлар ва зурриётлар ато қилганмиз” (38 – оят).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканини баён этмоқда.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган бандаларидир. Улар инсоният тарихи давомида илоҳий қонун қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана ўшандай олий мақом зотларнинг ҳаммалалри оилали ва зурриётли бўлишлари бежиз эмас. Бу холат барча инсонлар оилали бўлиб, ҳалол-поқ йўл билан зурриёт қолдиришга уринишлари керак эканини кўрсатади. Бу оятда никоҳга қаттиқ тарғиб борлиги кўриниб турибди.
Ривоятларда айтилинадики: “Аллоҳ таоло ўзининг китоби Қуръони каримда ҳеч бир Пайғамбарни зикр қилмади, фақат оилали холатда зикр қилди. Шундай экан, уламолар: “Албатта Яҳё алайҳиссалом уйландилар лекин аёлига яқинлик қилмади, бошқа бир гапда: “Албатта у зот ўша ишни фазилати кўпайишлик ва суннатни қоим қилиш учун қилди”, дейишади. Аммо, Исо алайҳиссаломга келсак у зот, ерга тушганларидан кейин уйланадилар ва фарзандлар кўради”, деб айтадилар.
Аллоҳ таоло Ўз дўстларини ва жаннатий бандаларини сифатлаб шундай марҳамат қилади:
وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَامًا (۷۴)
“Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!”, - дейдиган кишилардир”.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз дўстларини дуоларини зикр қилиб келтирди. Демак, Аллоҳга яқин зотлар оила қуришни ва зурриёт қолдиришни хоҳлар экан. Никоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан экани намоён бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида никоҳга тарғиб жуда кучли тарзда келган. Ушбу ҳақиқатни англаб етишимиз учун қуйидаги икки ҳадисни ўрганиб чиқамиз.
عن عبدالله رضي الله عنه قال:سمِعْتُ رسولَ اللهِ صلي عليه وسلم يقولُ:يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ مَنْ اسْتَطَاعَ مِنْكُمُ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ،فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ وَ أَحْصَنُ لِلْفَرْجِ وَ مَنْ لَمْ يَسْتَتِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَوْمِ، فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ. رَوَاهُ الخَمْسَةُ.
Абдуллоҳ розияллоҳу аннҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
“Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржини сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир, деганларини эшитдим”.
Ушбу ҳадиси шарифда “Никоҳга қодир бўлса”, деб таржима қилинган ибора арабча “боъа” дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.
Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли – жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатдан қудрати етмаган, сарф – харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватларини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади.
Муҳаммадали Каттабаев
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти АРМ мудири