Яратилиш санаси 22.02.2023

Эр-хотин орасидаги муштарак ҳуқуқлар

1. Эр-хотиннинг ўзаро яхшилик билан яшамоқлари.

Оилада бирга яшар эканлар, эр хотин бир – бирларига фақат яхшиликни раво кўриб, қўлларидан келган барча мурувватларни қилиб яшашлари икковларининг орасидаги муштарак ҳақлардан биридир. Бундай бахтиёр ҳаёт тарзини Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга амр этган.

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида бундай деб мараҳамат қилади:

         وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا (۱۹)

...ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, ажаб эмаски, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (19-оят).

Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа муҳаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфат алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли, дархол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас.

2. Эр-хотинлик ҳаёти ҳалол бўлиши, ҳар икки тараф бир-биридан лаззат ва ором топиши.

 Эр ўз аёлидан қанчалик жинсий ва ҳиссий лаззатланиш ҳуқуқига эга бўлса, аёл ҳам ҳудди шундай ҳақга ега. Аёл эрининг бу борадаги ҳожатини қондиришга қанча мажбуриятли бўлса, эрнинг зиммасида ҳам шунча мажбурият бор. 

عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلي عليه وسلم قَالَ:إِذَا دَعَا الرَّجُلُ امْرَأََتَهُ إِلَي فِرَاشِهِ فأَبَتْ أَنْ تَجِئَ لَعَنَتْهَا الْمَلَا ئِكَةُ حَتَّي تُصْبِحَ.   رواه الثلاثةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қачон эр ўз хотинини тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, фаришталар тонг отгунча уни лаънатлаб чиқурлар”, - дедилар”. 

                                           (Учовлари ривоят қилган).

3. Қуда андачилик хурматларини жорий қилинади.

 Қудачилик алоқалари ҳам худди насаб алоқалари каби бўлади. Насаб бўйича хурматлар бўлгани каби, қудачилик бўйича ҳам хурматлар бўлади.

4. Эр-хотин бир-бирларига меросхўр бўладилар.

Оила қуриб, эр-хотин бўлиб яшаш уларнинг орасида, бир-бирларидан мерос олиш ҳаққини ҳам собит қилади.

5. Улардан фарзанд туғилса, насаби собит бўлади.

Бошқача қилиб айтганда, эр-хотин ўз фарзандларига ҳақдор бўлишга баробардирлар. Улардан туғилган фарзандларнинг насаби икковларидан бўлади.

6. Эр-хотинлик сирларини фош қилмаслик.

Албатта, эр-хотинлар ўзларига яраша биров билиши мумкин бўлмаган сирларга соҳиб бўладилар. Энди мазкур бўлган сирларни фош қилмаслик ҳам эрнинг, ҳам хотиннинг ўз жуфти ҳалолидаги ҳаққидир, ҳамда эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан мажбуриятларидир.

7. Ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошларига сийлаи раҳм қилиш.

Муқаддас ҳисобланган никоҳ шарофатидан эр-хотиннинг ҳар бирининг ота-онаси ва қариндошлари иккинчисига ҳам ота-она ва қариндошларга айланади. Шу боис, қайнона ва қайнотага яхшилик қилиш эр учун ҳам, хотин учун ҳам худди ўз ота-онасига яхшилик қилишдек бурчга айланади.

Муҳаммадали Каттабаев 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти АРМ мудири