Яратилиш санаси 03.03.2023

Оила тарбия маскани

Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийси шерик бўладилар. Агар ёмонликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг гуноҳи валийсига бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бермоғи лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин. Уни ёмон болалардан сақласин. Неъматларга қизиқишга одатлантирмасин. Уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтирмасин. Токи, катта бўлганда  зебу зийнат ортидан юриб умрини зое қилмасин.

Ота-она болани кичиклигидан, умрининг аввалги кунларидан эҳтиёткорлик билан кузатиб бориши керак. Уни фақатгина диндор ва ҳалол ейдиган аёлга эмиздирсин. Ҳаромдан ҳосил бўлган сутда барака бўлмайди.

Болада пайдо бўладиган ҳирснинг аввалгиси таомга ўчлик бўлади. Шунинг учун, ота-она унга овқатланиш одобларини таълим берсин. Баъзи вақтларда фақат нон ейишга одатлантирсин. Токи, нонга бошқа нарсани қўшиб емоқ лозим, деган хаёлга бормасин.

Ота-она боласига кўп овқат ейишнинг ёмонлигини сингдиради. Кўп таом емоқ ҳайвонлар иши эканини тушунтиради.

Ўғил болаларга оқ рангли кийимлар кийиш яхши экани, рангдор ва ипак кийимлар аёлларга хослиги тушунтирилади. Болани сернеъмат ҳаёт кечиришга одатланган болаларга қўшмаслик керак бўлади.

Вақти келганда мактабга бериб, Қуръон, ҳадис ва яхшиларнинг қиссаларидан таълим бериш бошланади. Шу тарийқа, унинг қалбига аҳли солиҳларнинг муҳаббати солинади. Ишқнинг зикри бор шеърларни ёдлашига йўл қўйилмайди.

Боладан яхши хулқ ва мақтовга сазовор иш содир бўлса, уни тақдирлаш ва хурсанд бўладиган нарса ила мукофотлаш ҳамда одамлар ҳузурида мақташ лозим.

Баъзи ҳолатларда мазкур ишларга хилоф нарсани содир қилса, ўзини билмаганга солиб, унинг айбини ошкор қилмаслик керак. Агар ўша номаъқул нарсани яна қайтадан қилса, ҳеч кимга билдирмай жазолаш ва одамлар билиб қолса уят қилишларини уқтирган яхши. Аммо жазо кўпайтириб юборилмаслиги керак. Чунки бу нарса боланинг бетини қотириб қўяди. Кейин уялмай ҳар нарсани қилишга одатланиб қолади. Ота боласи ҳузурида ўз ҳайбатини сақлаб туриши керак.

Она боласини отаси ила огоҳлантириб турсин... Кундузи ва бевақт ухлашга болани одатлантирмаслик керак. Бунда у дангасаликка ўрганиб қолади. Кечаси ухлашни манъ қилмайди. Аммо ётар жойи юмшоқ қилинмайди. 

Бола ётоқ, кийим ва таомда дағалликка одатлансин. Бола дангаса бўлиб қолмаслиги учун пиёда юриш, кўп ҳаракат қилиш ва бадантарбияга одатлансин.

Бола  ота-онасининг бойлиги, таоми ва кийими ила тенгдошлари олдида фахрланишга одатланмасин.

Бола ўзи билан бирга яшайдиганларга нисбатан тавозуъли бўлишга ва уларни ҳурматлашга одатланиши лозим.

Боланинг ўзига ўхшаган болаларнинг нарсасини тортиб олишига йўл қўйилмайди. Унга бировнинг нарсасини олиш пасткашлик экани уқтирилади.

Болага тилло ва кумушга муҳаббат қўйиш ёмонлигини  тушунтириш лозим.

Болага ўтирган жойида тупурмаслик, бурун тозаламаслик, бировнинг олдида эснамаслик, бир оёғининг устига иккинчисини қўймаслик ва кўп гапирмаслик кабилар таълим берилади.

Болага камгап бўлиш, бошқаларнинг гапини диққат билан тинглаш, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, улар келганда ўрнидан туриб кутиб олиш ва одоб билан ўтириш каби нарсалар ўргатилади.

Болани уят сўзларни гапиришдан ва уят сўзларни гапирадиганларга қўшилишдан манъ қилинади. Зотан, болани муҳофаза қилиш, уни ёмон улфатлардан сақлашдан иборатдир.

Мактабдан қайтиб келганидан кейин болага чиройли ўйинлар ўйнашга шароит яратиб бериш керак. Бу билан у ўқишдаги чарчоғини ёзади.

Бола  ота-онасига ва устозига итоат қилишга одатланиши жуда ҳам зарур.

Болани ёлғон ва хиёнатга яқин келмасликка одатлантирилади. Ўсмирлик чоғи яқинлашганида ундан ўша пайтда керакли бўладиган нарсалар талаб қилинади.

Ҳар бир мураббий билиб олиши лозим нарсалардан бири боланинг ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсишига аҳамият бериш кераклигидир. Агар бу иш амалга ошса, яхшилик боланинг қалбида собит бўлиб қолади.

Муҳаммадали Каттабаев 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти АРМ мудири