Рамазоннинг қирқ бир фазилати (1-қисм)
Аллоҳ таоло Еру Осмонларни яратиб, Қуёш ва Ойни йил ва ой-кунларни ҳисоб-китоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар ичидан Ўзи истаганини бошқалардан афзал қилди ва айримларини маълум ибодатлар учун танлади. Ана шундай танлаб олинган ойларнинг гултожиси – бу Рамазон ойидир.
«Рамазон» сўзи арабча сўз бўлиб, луғатшуносларнинг айтишларича, у «қаттиқ иссиқ», «жазирама», «қизиб чўғ бўлиш», «куйдириш» маъноларини англатувчи калимадан олинган. Бу ойнинг айнан ушбу номни олиши сабаби ҳақида турлича фикрлар бор. Жумладан, аллома Жавҳарий: «Айтишларича, араблар ойларнинг номларини эски тиллардан ўгиришганида ойларни ўша пайтда тўғри келган вақтига кўра номлашган. Ўшанда ушбу ой иссиқнинг энг жазирамасига тўғри келган экан», дейди. Иккинчи бир фикрга кўра, «Рамазон ойи гуноҳларни куйдириб ташлагани учун шу ном билан аталган. Зотан, бу ой жоҳилият даврида «Нотиқ» деб аталар эди». Бошқалар айтишадики, «Бу ойдаги ибодат – рўза кишиларни ташналикдан ичини қиздиргани учун ой Рамазон деб номланган».
Нима бўлганда ҳам, Рамазон ойини Аллоҳ хоссатан уммати муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазонинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс. Биз ҳозир улардан ўзимизга маълум бўлганларини эслаб ўтамиз:
1. Рамазон ойларнинг султонидир. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қлиган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар. Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.
Давоми бор...
Нуруллаев Фозилхўжа
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси