Рамазон - Қуръон ойидир!
Имом Муслим Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда:
“Қуръонга моҳир киши улуғ, итоаткор малоикалар билан биргадир. Қуръон қироат қилишда тутилиб-тутилиб, унда қийналган кишига икки баробар ажр бор”, дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикри келган “моҳир”, деган сўздан Қуръонни тажвид ва тадаббур билан ўқийдиган “мутқин-яхши ёд олган қори” назарда тутилган.
Ҳадисда “малоика” деб таржима қилинган сўз ҳадиснинг асл матнида “сафаро” шаклида келган бўлиб, у “элчи яъни малоика” деган маънони ҳам билдиради.
Ҳадисда “итоаткор” деб таржима қилинган сўз ҳадиснинг асл матнида “барора” шаклида зикр қилинган.
Ҳадисда “тутилиб-тутилиб” деб таржима қилинган сўз ҳадис матнида “ятаътаъу” шаклида келган бўлиб, унинг маъноси “ёдлаш қийин бўлганлиги учун қайта-қайта ўқийди” деганидир.
Шунингдек, ҳадисда “унга икки ажр бор”, дейилган жумла бўлиб, улар қироатга ва машаққатга берилажак ажрлардир. Бу жумладан қийналиб қироат қилган кишининг ажри Қуръонга моҳир кишининг ажридан устун экан, деган маъно чиқмайди. Чунки Қуръонга моҳир кишининг мақоми малоикалар мақомига тенгдир.
Ким Қуръони каримни ёшлигида таълим олса, у қорининг эти ва қонига сингади. Кимда ким Қуръонни ёши ўтганда ёдласа, у ёдидан кўтарилмаслик учун уни яна қайта ўқийди ва у кишининг ажри икки баробар бўлади. Яъни, ёши катта киши Қуръонни таълим олишда ўзини ёдлашга мажбур қилса ва бу иш унга оғир келса, Аллоҳ таоло унга икки ажр савобини ёзади.
Ёши кичик киши Қуръонни таълим олса, Аллоҳ таоло Қуръонни унинг эти ва қонига аралаштиради ва ўша болани малоикаларга дўст деб битиб қўяди.
Муҳитдинов Алишер
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси